Марказий Осиё хабарлари
-
Қирғизистон ШҲТ 25 йиллиги муносабати билан кумуш танга чиқарди
Қирғизистон Миллий банки 2026 йил 11 май куни “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллиги” номли кумуш танга тўпламини муомалага чиқарди. Бу ҳақда “Kazinform” агентлиги хабар берган.
Танганинг олд томонида ШҲТ расмий рамзи ва аъзо давлатлар байроқлари тасвирланган. Орқа томонда Қирғиз Республикаси герби ва ШҲТга аъзо давлатлар харитаси фонида 25 рақами тасвирланган.

925 стерлинг қийматга эга кумушдан ясалган танганинг оғирлиги 28,28 грамм, айланаси 38,61 мм. Зарб қилинган 550 донанинг ҳар бирини Миллий банк хазнасидан 15 350 сомга сотиб олиш мумкин.
Бу тангалардан Қирғизистонда расман қонуний тўлов воситаси сифатида фойдаланиш мумкин.
Казцинк фожиаси қурбонлари сони уч кишига етди
“Kazinform” агентлиги хабар беришича, Усть-Каменогорскдаги “Казцинк” металлургия майдончасида содир бўлган портлашда жабрланган бир киши вафот этди.
Компания маълумотига кўра, 1980 йил туғилган эркак кеча кечқурун 5-май куни содир бўлган воқеа пайти олган оғир жароҳати туфайли касалхонада жон берган. Шифокорлар жароҳатланганлардан бири оғир аҳволда экани, унинг танаси 90 фоиз куйганига эътибор қаратган эди. Беморни даволаш учун Остонадан шифокорлар гуруҳи – мамлакатнинг энг кучли мутахассислари етиб келишди. Афсуски, ишчини қутқариб бўлмади.
– Жамоа жароҳат олган ишчилардан бири вафот этганини чуқур қайғу билан эълон қилади, – дея таъкидлаган корхона матбуот хизмати. – Компания марҳумнинг оиласи ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдиради.
Ҳалок бўлганлар оилаларига ёрдам кўрсатиш давом этаётгани ҳам маълум қилинган.
Давлат идоралари билан ҳамкорликда ҳодиса сабабини текшириш давом эттириляпти. Айни пайт ҳодиса жойида тозалаш ишлари олиб борилмоқда.
Туркманистон – Камбожа муносабатида янги боб очмоқда
Туркманистон ва Камбожа Қироллиги ўртасидаги икки томонлама муносабат тарихида муҳим воқеа Пномпенда бўлиб ўтди: 8-9 май кунлари биринчи марта вазирликлар аро сиёсий маслаҳатлашув ўтказилди.
Қардош давлат делегациясини ташқи ишлар вазири ўринбосари Ахмет Қурбонов, мезбон жамоани эса ТИВ давлат котиби Унг Рачана бошқарган.

Томонлар ўзаро молиявий ҳамкорликнинг юқори даражасини эътироф этдилар. Таъкидлаш керак, бу галги маслаҳатлашув аввал эришилган келишувнинг мантиқий давоми сифатида шериклик кўламини кенгайтириш мақсадини кўзлайди.
Ҳамкорлар глобал тараққиётни таъминлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш орқали мунтазам сиёсий мулоқот олиб бориш, олий ва юқори даражада, шунингдек халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда БМТ доирасида алоқаларни фаоллаштиришга содиқлигини билдирдилар.

Тожикистонда кучли ёмғир ва кўчки тўрт кишини ҳаётдан олиб кетди
Сўнгги кунларда Тожикистоннинг айрим ҳудудларида кучли ёмғир ва кўчки содир бўлди. Натижада камида тўрт киши ҳалок бўлди, ўнлаб уй, йўллар, қишлоқ хўжалиги ерларига зарар етди. Дарёда талабаларни олиб кетаётган қайиқ ағдарилиб кетди. Хайриятки, барча йўловчилар қутқарилди.
Президент матбуот хизмати хабар беришича, мамлакат жанубидаги Кўлоб шаҳрида тун пайти сув тошган. Оқибатда уч нафар инсон ҳалок бўлди, уч киши касалхонага ётқизилди. Давлат раҳбари Эмомали Раҳмон марҳумларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Тегишли амалдорларга воқеа жойига бориб, жабрланган оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича кўрсатма берди.

Кучли ёмғир дам олиш кунлари ҳам давом этди. Фавқулодда вазиятлар ва фуқаролик мудофааси қўмитаси маълумотига кўра, якшанба куни тушдан кейин Кадучи қишлоғида чақмоқ уриши натижасида бир одам ҳалок бўлди, икки киши оғир жароҳат олди. Ярадорлар Турсунзода шаҳри ғарбидаги касалхонага ётқизилди.
Сел оқими бир неча қишлоқ ва аҳоли манзилидаги уй, йўл ва бошқа инфратузилмага зарар етказди. Баъзи каналлар лой, тош ва шағал билан тўлгач, сув ўзандан тошди. Шу тариқа яқин атрофдаги кўчаларни сув босди. Қутқарувчилар оғир техника ва насос ёрдамида жойларни чиқинди ва сувдан тозалашди.
Якшанба куни тушдан кейин етти нафар ўрта мактаб ўқувчиси ва уларнинг ўқитувчиси ўтирган қайиқ Сирдарёнинг Хўжанд орқали ўтадиган қисмида кетаётиб, ағдарилган. Гуруҳ маданий ва кўнгил очар дастур бўйича саёҳатга чиққан эди. Расмий баёнотга кўра, қайиқчилар ва бошқа кўнгиллилар ўқувчиларни қутқарган.
Гўзал Сатторова, ЎзА