Европа Комиссияси: Украиналиклар учун вақтинча ҳимоя 2027 йил мартигача амал қилади
Европа Комиссияси Украина фуқаролари учун вақтинча ҳимоя мақоми 2027 йил мартигача амалда бўлишини маълум қилди. Ҳозир кейин нима бўлиши муҳокама қилиняпти.
ЕК матбуот котиби Маркус Ламмерт брифингда “Ҳарбий ёшдаги украиналик эркаклар учун вақтинча ҳимоя мақоми бекор қилиниши мумкинми?”деган саволга жавоб берар экан, шундай деди: Украинани қўллаб-қувватлашда собитмиз. Охирги икки йил Европа Иттифоқи махсус ҳужжат асосида тахминан 4 миллион қочқинга бошпана берди. Унинг таъкидлашича, ҳозир ЕИга аъзо давлатлар билан кейинги қадамлар, жумладан қарорнинг амал қилиш муддати тугагандан кейинги режа кўриб чиқилмоқда.
Ламмерт бу масала ЕИ ички ишлар вазирларининг шу ҳафта бўлиб ўтадиган йиғилиши кун тартибидан ўрин олишини қўшимча қилди. Айни пайт тайёрланаётган режа ёки эҳтимолий таклифлар ҳақида эса маълумот берилмаган. Европа статистика бошқармаси (Eurostat) маълумотига кўра, 2025 йил 31 март ҳолатига кўра, урушдан қочган қарийб 4,3 миллион украиналик ЕИ мамлакатларида вақтинча ҳимоя остида яшаяпти. Уларнинг тахминан 44,7 фоизи аёллар, 31,7 фоизи болалар, 23,6 фоизи эркаклар. Россия ва Украина ўртасида уруш бошлангач, Европа Иттифоқи биринчи марта 2001 йил қабул қилинган Вақтинча ҳимоя директивасини 2022 йил март ойида фаоллаштирди. Ушбу механизмга кўра, украиналикларга ЕИ мамлакатларида яшаш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланиш ва ишлаш имконияти берилади. Шунингдек, улар ижтимоий қўллаб-қувватланади, уй-жой билан таъминланади, асосий эҳтиёж учун ёрдам олади.
Г.Сатторова, ЎзА