Марказий банк: хорижий облигациялар ҳажми 2,8 млрд. долларга етди
Ўзбекистоннинг халқаро захира активлари 2026 йил май ойи якунларига кўра 70,58 млрд. долларни ташкил этди. Марказий банк маълумотларига кўра, бу кўрсаткич апрель ойига нисбатан 307,2 млн. доллар ёки 0,44 фоизга камайган.
Захираларнинг асосий қисмини ташкил этувчи олтин активлари қиймати ҳам пасайди. Май ойи давомида олтин захираларининг қиймати 156 млн. долларга камайиб, 61,43 млрд. долларга тушди. Шу билан бирга, унинг жисмоний ҳажми ўсишда давом этиб, 13,6 млн. трой унция ёки 423 тоннага етди.
Қайд этилишича, олтин қийматининг камайишига жаҳон бозорларидаги нархлар динамикаси таъсир кўрсатган. Май ойида қимматбаҳо металл котировкалари 3,3 фоизга арзонлашган.
Натижада, мамлакат олтин захираларининг ҳажми ошган бўлса-да, уларнинг умумий қиймати қисқарган.
Шунингдек, хорижий валютадаги захира активлари ҳам май ойида 150 млн. долларга камайиб, 8,57 млрд. долларни ташкил этди. Бошқа банкларда сақланаётган нақд валюта ва депозитлар ҳажми эса қарийб 20 фоизга қисқариб, 5,72 млрд. долларга тушган.
Марказий банк захиралар таркибини диверсификация қилиш сиёсати доирасида хорижий қимматли қоғозларга сармояларни кўпайтиришда давом этмоқда.
Май ойи якунига келиб, хорижий қимматли қоғозлар портфели 84 фоизга ўсиб, 2,85 млрд. долларга етди. Натижада уларнинг умумий халқаро захиралардаги улуши 4 фоизни ташкил қилди.
Бу Марказий банкнинг кейинги йиллардаги энг йирик инвестиция қарорларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Аввалроқ, 2025 йил ноябрь ойида ҳам регулятор томонидан тахминан 500 млн. долларлик АҚШ ғазначилик облигациялари харид қилинган эди.
Маълумот учун, жорий йил апрель ойида ҳам халқаро захиралар ҳажми 8,09 млрд. долларга ёки қарийб 10 фоизга қисқариб, 68,99 млрд. долларни ташкил этган эди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА