Конимехнинг туризм имкониятлари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Конимех тумани Навоий вилоятининг ўзига хос табиий-географик ҳудудларидан бири. Кенг саҳро ва чўл ҳудудлари, бетакрор табиати, ўзига хос ландшафти, чорвачилик анъаналари ва миллий қадриятлари туманда туризмни ривожлантириш учун катта имконият яратади.
Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда ички ва экологик туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор Конимехнинг сайёҳлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун янги имкониятлар очмоқда.
Туман ҳудудида экотуризмни ривожлантириш учун зарур бўлган табиий ва тарихий объектлар мавжуд. Жумладан, бетакрор ландшафтлар, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, археологик топилмалар, палеонтологик қолдиқлар ҳамда нодир геологик кесимлар сайёҳларда қизиқиш уйғотиши мумкин.
[gallery-30921]
Конимехнинг туризм салоҳиятини белгилайдиган муҳим омиллардан яна бири ҳудудда шаклланган миллий урф-одатлар, анъаналар ва ўзига хос турмуш тарзидир.
Маҳаллий аҳолининг кундалик ҳаёти, миллий таомлари, ҳунармандчилиги, чорвачилик маданияти ва қадриятларини сайёҳларга намойиш этиш орқали этнотуризм йўналишини ҳам ривожлантириш мумкин.
Миллий услубдаги ўтовлар, саҳро шароитидаги дам олиш масканлари, миллий таомлар ва фольклор дастурларини қамраб олган туристик маршрутлар ҳудуднинг ўзига хос қиёфасини намоён этади.
Бундай лойиҳаларни амалга ошириш маҳаллий аҳоли учун янги даромад манбалари ва қўшимча иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
Сирож АСЛОНОВ(сурат),ЎзА