Китобхонлик танлови ғолиблари Туркияга саёҳатга боради
Андижон тумани ҳокими Бобуржон Юлдашевнинг ташаббуси билан “Бўлажак китобхон” лойиҳаси доирасида ўтказилган китобхонлик танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар, хусусан, ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг китобхонлик, мутолаа маданиятини юксалтириш ҳамда оилада китобхонлик муҳитини шакллантиришга қаратилган “Бўлажак китобхон” лойиҳаси тумандаги 2 минг 600 нафардан зиёд ўқувчи ёшларни қамраб олди.
Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, мутолаа жараёни нафақат ёшлар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам бирлаштирди. Оила аъзолари биргаликда китоб ўқиб, асарлар мазмуни юзасидан фикр-мулоҳаза ва таассуротлари билан ўртоқлашдилар.


– Китоб инсон тафаккурини чархловчи энг ноёб воситадир, – дейди Андижон тумани ҳокими Бобуржон Юлдашев. – Китоб ҳамма даврларда инсонларга яқин дўст, ҳамроҳ ва доно маслаҳатчи бўлиб келган. Ёшларнинг китоб ўқишга бўлган қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган мазкур танловда ўқувчиларнинг фаол иштирок этганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Лойиҳа низомига кўра, ёшлар онлайн рўйхатдан ўтиб, тақдим этилган китобларни белгиланган муддатда мутолаа қилади. Белгиланган муддатдан сўнг ташкил этилган танловларда мутолаа қилинган китоблар асосида тузилган саволлар бўйича олган билимларини синовдан ўтказиб борди. Қарийб уч ойдан буён давом этаётган лойиҳа доирасида беш маротаба китобхонлик баҳслар ўтказилиб, ҳар бир баҳс ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.
Лойиҳа доирасидаги танловнинг финал босқичида иштирок этган бир минг нафарга яқин зукко китобхон Ойбекнинг «Навоий», Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” асарлари асосида тузилган савол-жавоблар бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди.


Якуний натижаларга кўра, тумандаги 4-умумтаълим мактаби ўқувчиси Меҳринозбегим Муҳаммаджонов биринчи ўринни қўлга киритди.
Танловда 32-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муборакхон Ғоффоралиева иккинчи, 2-умумтаълим мактаби ўқувчиси Фарангиз Қўлдашева учинчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорларга махсус диплом, Туркияга саёҳатга бориш йўлланмасини берувчи ваучер тантанали равишда топширилди.
Фахриддин Убайдуллаев, Ўза мухбири