Ўзбекистонда МЧЖлар сони ортиб бормоқда
Ўзбекистонда хусусий секторни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатда фаолият юритаётган тижорат ташкилотлари сони юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Тижорат ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари бўйича тақсимоти эса мамлакатда бизнес юритишнинг қайси шакллари кўпроқ танланаётганини кўрсатади.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда 440,1 мингта тижорат ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларнинг салмоқли қисмини масъулияти чекланган жамиятлар ташкил этади.
Хусусан, мамлакатда 351 586 та масъулияти чекланган жамият мавжуд бўлиб, улар жами тижорат ташкилотларининг 79,9 фоизини ташкил қилган. Бу кўрсаткич МЧЖлар Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда энг кенг тарқалган ташкилий-ҳуқуқий шакл эканини кўрсатади.
МЧЖлардан кейинги ўринда хусусий корхоналар туради. 2026 йил 1 июль ҳолатига уларнинг сони 47 107 та бўлиб, жами тижорат ташкилотларининг 10,7 фоизига тенг. Шунингдек, мамлакатда 37 192 та оилавий корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг улуши жами тижорат ташкилотлари таркибида 8,5 фоизни ташкил этган.
Акциядорлик жамиятларининг улуши эса нисбатан кам. Статистик маълумотларга кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига Ўзбекистонда 644 та акциядорлик жамияти фаолият юритган бўлиб, уларнинг жами тижорат ташкилотлари сонидаги улуши 0,1 фоизни ташкил этган.
Қолган 3 611 та тижорат ташкилоти, яъни 0,8 фоизи, бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларга тўғри келади.
Бу рақамлар мамлакатда тижорат ташкилотлари орасида масъулияти чекланган жамиятлар устун мавқега эга эканини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, хусусий ва оилавий корхоналар ҳам Ўзбекистондаги тадбиркорлик субъектлари таркибида муҳим ўринни эгаллаб келмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА