Коммунал соҳа рақамлаштирилса нима ўзгаради? (+видео)
Бугунги кунда республикамизда 45 663 та кўп хонадонли уйлар мавжуд бўлиб, уларда 1.6 миллионга яқин хонадон ва 7 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Албатта, бундай катта хўжаликни бошқариш учун малакали ишчилар, масъулиятли ва шаффоф бошқарув тизими талаб этилади.
Сўнгги йилларда бошқарув ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш учун 90 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сармоя қилинди. Айни вақтда соҳада 18 808 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Янги хизмат турларини жорий этиш ҳисобига ҳар йили кўплаб иш ўринлари яратилмоқда.
Айтиш керакки, тизимда адолат ва шаффофликни таъминлаш, БСК нинг масъулиятини ошириш учун соҳага рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда. Масалан, «Менинг уйим» ахборот-биллинг тизими ва «Турар жой» миллий ахборот тизими орқали кўп хонадонли уйларнинг техник ҳолати бўйича маълумотларни электрон шаклда юритиш ва мониторинг қилиш йўлга қўйилди. Бу эса ҳар бир мурожаатга ўз вақтида жавоб бериш, аҳоли тўлов интизомини мустаҳкамлаш, энг муҳими мулкдорлари эътирозларини камайтиришга эришишда ёрдам берди.
Ушбу тизимнинг устун жиҳатлари, соҳадаги туб ўзгаришлар ва келгусидаги режалар хусусида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги департамент бошлиғи ўринбосари Азиз Халилов билан суҳбатлашдик.
- Айтинг-чи, сўнгги йилларда коммунал соҳада аҳолига хизмат кўрсатиш қанчалик ўзгарди?
- Мазкур соҳага давлатимиз раҳбарининг эътиборлари ва амалга оширилаётган ислоҳотлар бугунги кунда ўз натижасини беряпти, десак муболаға бўлмайди. 2021 йил давлатимиз раҳбарининг қарори билан соҳада кўп ўзгаришлар бўлди. Кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш соҳасига тадбиркорлик субъектлари кириб келди. Илгари хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати томонидан хизмат кўрсатилган бўлса, 2022 йилдан бошлаб масъулияти чекланган жамиятлар, бошқарув сервис компаниялари (БСК) бош-қош бўлди. Бу БСК фақатгина аҳолидан тушаётган мажбурий бадаллар билан чекланмай, қўшимча хизмат турлари жорий этиш ҳисобига ҳам уй-жой фондини сақлаш, таъмирлаш ишларини амалга оширишлари учун имкониятлар яратилди. Ундан ташқари мазкур БСКга солиқ имтиёзлари ҳам берилди. Бугунги кунда республикамизда 40 дан ошиқ қўшимча хизмат турлари ташкил этилди. Олдин улар фақат кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатишган холос.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида кўп хонадонли уйларни бошқариш тизими янада очиқ, рақамлашган ва аҳоли манфаатларига йўналтирилган замонавий тизимга айланиб бормоқда. (давоми видеода)
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/EB1NACnAhAg?si=iAk_OxnR23LEKX7f" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов,
Ойбек Давронов,Улуғбек Тўхтаев, ЎзА