Инсон қадри улуғланмоқда
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва маҳаллаларда манзилли ёрдам тизимини янада такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу мақсадда ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифати, имкониятлари ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда ижтимоий хизматларнинг самарадорлиги ортиб, эҳтиёжманд оилалар ва алоҳида қўллаб-қувватлашга муҳтож шахслар билан тизимли ишлаш амалиёти йўлга қўйилмоқда.
Бухоро туманининг Работиқалмоқ маҳалласида инсон қадрини юксалтириш, эҳтиёжманд аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ҳар бир фуқаронинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратилаётган имкониятлар бугун ўзининг амалий натижасини кўрсатмоқда. Маҳаллада амалга оширилаётган манзилли ижтимоий хизматлар нафақат муаммоларни ҳал этишга, балки инсонларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга ҳам хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Работиқалмоқ маҳалласида бугунги кунда 9 минг 470 нафар аҳоли истиқомат қилади. Улар орасида 214 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, 27 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда 3 нафар ёлғиз кексалар бор. Ушбу тоифадаги фуқароларнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг эҳтиёжларини доимий ўрганиб бориш ва зарур ёрдамни ўз вақтида кўрсатиш маҳалладаги ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бу борада маҳалла ижтимоий ходими Зарина Темированинг фидокорона меҳнати алоҳида эътирофга лойиқ. У ҳар бир хонадонга кириб, одамларнинг дардини тинглаб, муаммоларга ечим топиш, давлат ва жамоат ташкилотлари имкониятларини аҳоли манфаатига йўналтиришда фаол иштирок этмоқда. Айнан шундай ёндашув туфайли кўплаб оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришлар юз бермоқда.
Бунга болаликдан ногиронлиги бўлган Муслимабегим Ботирхонова ҳаёти мисол бўла олади Илгари кўпроқ уй шароити билан чекланган қизалоқ бугун мутлақо янги ҳаёт сари дадил қадам ташламоқда. Унинг эҳтиёжлари атрофлича ўрганилиб, индивидуал ижтимоий хизматлар режаси ишлаб чиқилди.
Аввало, Муслимабегим замонавий электрон ногиронлик аравачаси билан таъминланди. Бу оддий техник восита эмас, балки унинг эркин ҳаракатланиши, мустақил қарор қабул қилиши ва атрофдагилар билан фаол мулоқот қилиши учун очилган янги имконият эшиги бўлди. Энди у маҳалла ҳаётида, таълим жараёнида ва турли тадбирларда фаол иштирок этиш имкониятига эга.
Ижтимоий хизматлар фақат моддий ёрдам билан чекланиб қолмади. Муслимабегимнинг қизиқиш ва қобилиятларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. У адаптив спортнинг пара стол тенниси йўналишига жалб этилди. Ҳозирда у мунтазам машғулотлар орқали ўз маҳоратини ошириб, спорт орқали нафақат жисмоний, балки руҳий жиҳатдан ҳам тобланмоқда. Мураббийларининг таъкидлашича, унинг интилиши ва матонати кўпчиликка ўрнак бўла олади.
Қизалоқнинг яна бир иқтидори — расм чизишга бўлган меҳри ҳам эътибордан четда қолмади. Унинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун зарур жиҳозлар ва қулай шароитлар яратилди. Муслимабегим чизган ранг-баранг суратларда ҳаётга муҳаббат, орзу ва ишонч акс этади. Бу эса унинг ички дунёси қанчалик бой ва мусаффо эканини кўрсатади.
Энг муҳим янгиликлардан бири — унинг уйда таълим шаклидан инклюзив таълимга ўтказилгани бўлди. Энди Муслимабегим тенгдошлари билан бир синфда таълим олмоқда, дўстлар орттирмоқда, жамоада ўз ўрнини топмоқда. Инклюзив муҳит унга билим олиш билан бирга ижтимоийлашув, мулоқот қилиш ва келажакка ишонч билан қараш имконини берди.
Болага кўрсатилаётган эътибор унинг оиласини ҳам қамраб олди. Онаси Замира Қиличовага психологик хизматлар ташкил этилди. Мутахассислар томонидан берилган тавсия ва маслаҳатлар оиланинг руҳий барқарорлигини мустаҳкамлаш, фарзанд тарбиясида учрайдиган қийинчиликларни енгиш ва келажакка умид билан қарашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун Муслимабегим спорт билан шуғулланадиган, расм чизадиган, тенгдошлари билан бирга билим оладиган ва орзулари сари интилаётган фаол ўқувчилардан бири. Унинг ҳаётидаги бу ўзгаришлар бир ҳақиқатни яна бир бор исботлайди: инсонга меҳр, эътибор ва ишонч берилса, у ўз имкониятларини албатта намоён этади.
Работиқалмоқ маҳалласи тажрибаси — ижтимоий хизматларнинг қуруқ ҳисоботи ёки расмий тадбир эмас, балки инсон тақдирига дахлдор эзгу фаолият эканининг ёрқин намунасидир. Бу ерда ҳар бир мурожаат ортида тирик инсон, унинг дарди, орзуси ва келажаги тургани чуқур ҳис этилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири