Жиззахда “Экоплоггинг” акцияси ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах шаҳрида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси ташаббуси билан атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ва ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган “Экоплоггинг” акцияси ташкил этилди.
“Яшил Жиззах сари!” шиори остида ўтказилган акция давомида аҳоли яшаш масканлари ва жамоат жойлари чиқиндилардан тозаланди. Тадбир ҳудудлар озодалигини таъминлаш, шаҳарнинг эстетик қиёфасини сақлаш ҳамда экологик маданиятни тарғиб этишга хизмат қилди.
Акцияда 150 нафардан ортиқ фаол ва ташаббускор ёш иштирок этди. Улар ҳудудларни ободонлаштириш ишларида фаол қатнашиб, атроф-муҳитни асрашга муносиб ҳисса қўшди.
[gallery-30657]
Тадбир иштирокчиларидан Ҳаёт Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, шаҳар ободлиги ва атроф-муҳит мусаффолиги, аввало, ҳар бир фуқаронинг масъулиятига боғлиқ. Бу каби экологик акциялар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида атроф-муҳит муҳофазаси ва шаҳар ободончилигига муносиб ҳисса қўшган энг фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА