Когонда “Соҳил бўйи” дам олиш маскани барпо этилмоқда
Бухоро вилояти Когон туманида аҳоли учун замонавий дам олиш ва сайр масканларини кўпайтириш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, “А-380” автомобиль йўли бўйлаб, Тараққиёт маҳалласидан ўтувчи “Қўнғирот” коллектори атрофида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида мазкур ҳудудни замонавий дам олиш ва сайр қилиш масканига айлантириш кўзда тутилган.
Техник аҳамиятга эга гидроиншоот — коллектор атрофининг ободонлаштирилиши натижасида ҳудуд нафақат муҳандислик инфратузилмаси, балки аҳоли учун қулай ижтимоий ва дам олиш маскани сифатида ҳам хизмат қилади.
Айни пайтда коллекторнинг 900 метрлик қисмида тозалаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳудудда автомобиль йўли ва пиёдалар йўлаклари, тунги ёритиш чироқлари, айвонлар, болалар аттракционлари барпо этилмоқда. Шунингдек, музқаймоқ, салқин ичимлик ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси учун хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилади.
[gallery-31789]
“Bukhara georoad proyekt group” МЧЖ томонидан лойиҳалаштирилган мазкур масканда қурилиш-монтаж ишларини пудратчи “Шавкат Шокир савдо” МЧЖнинг ишчи ва мутахассислари олиб бормоқда.
Лойиҳага кўра, “Соҳил бўйи” дам олиш масканида 20 га яқин тадбиркорлик субъекти учун хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш имконияти яратилади. Бу ерда янги хизмат турларини ташкил этиш, аҳоли ва ташриф буюрувчиларга қулайликлар яратиш баробарида, қўшимча иш ўринларини яратишга ҳам хизмат қилади.
Масканда ободонлаштириш ишлари билан бир қаторда, пиёдалар ва автотранспорт ҳаракати учун қулай шароит яратиш, ҳудудни замонавий ёритиш тизими билан таъминлаш ҳамда аҳоли ва ташриф буюрувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур инфратузилмани шакллантириш режалаштирилган.
Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА