Кадастр ҳужжатлари йўқолган бўлса, нима қилиш керак?
Кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқолган ёки уларнинг мазмуни билан қайта танишиш зарурати туғилган ҳолларда кадастр архивига мурожаат қилиш мумкин.
Хўш, архивда сақланаётган ҳужжатлар билан кимлар танишиши мумкин? Кўчмас мулк ҳақидаги маълумотномани олиш тартиби қандай?
Давлат кадастрлари палатаси матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 5 апрелдаги тегишли қарорига мувофиқ, жисмоний ва юридик шахслар ўзига тегишли кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилди билан танишиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун белгиланган тартибда расмий мурожаат қилиш лозим. Бундан ташқари бино ва иншоотнинг мансублиги ҳамда таркиби тўғрисида маълумотнома ҳам олиш мумкин. Ушбу маълумотнома мавжуд қонунчиликка мувофиқ, тақдим этилади. Маълумотномада кўчмас мулкнинг манзили ва кадастр рақами, объектнинг тури — турар ёки нотурар жой экани ва майдони, ҳуқуқ эгаси ёки аввалги эгаси тўғрисидаги маълумотлар ҳамда ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатнинг номи, рақами ва санаси каби маълумотлар акс этади.
Маълумотномани қаердан олиш мумкин?
Бунинг учун икки усулдан фойдаланиш мумкин. Биринчиси — Давлат хизматлари марказига мурожаат қилиш. Иккинчиси — Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали онлайн ариза бериш. Кўчмас мулк ҳақидаги маълумотларни олишда мулкдорлик ва ваколат талабларига риоя қилиш зарур. Фуқаро фақат ўзига тегишли объект бўйича мурожаат қилиши мумкин. Бошқа шахс номидаги мулкка оид маълумотларни олиш учун белгиланган ҳолларда нотариал тасдиқланган ишончнома талаб этилади.
Кадастр ҳужжатлари йўқолган бўлса, нима қилиш керак?
Аввало, кўчмас мулк бўйича кадастр йиғма жилдида қандай ҳужжатлар сақланаётганини аниқлаш учун тегишли тартибда мурожаат қилиш лозим. Архивдаги ҳужжатлар билан танишиш ва зарур маълумотномани олиш орқали мавжуд маълумотларни қайта текшириш имкони яратилади. Кўчмас мулкка оид ҳужжатларни тиклаш ёки уларнинг нусхасини олиш зарурати туғилганда, мурожаат мақсадига мос хизмат турини танлаш ва уни кўрсатишнинг амалдаги талабларини олдиндан аниқлаш муҳим.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА