Журналистлар тиббий кўрикдан ўтказилди
Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Самарқандда соҳа вакиллари учун тиббий кўрик ташкил этилди.
Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ўзбекистон журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ўтказилган кўрикда журналист ва блогерлар, ахборот хизматлари ходимлари қатнашди.
– Ҳамкасбларимизнинг барчаси ҳам ишдан ортиб ёки ҳафсала қилиб поликлиникаларга борган ҳолда тиббий кўрикдан ўтавермайди, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Элдор Муҳаммадиев. – Шунинг учун касб байрамимиз арафасида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали маслаҳат поликлиникасида улар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик уюштирдик. Бу ерда мазкур муассаса тиббий ходимлари билан бирга бошқа тиббий марказ ва поликлиникалардан келган ўндан ортиқ тор соҳа мутахассислари оммавий ахборот воситалари ходимларини чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказиб, зарур маслаҳат ва тавсиялар берди.
Кўрикка келган ҳар бир ижодкор электрон тартибда рўйхатга олиниб, тиббий кўрик, лаборатория текширувлари натижалари DMED тизимига киритилди.
[photobank-30097]
Касб байрами арафасида журналистлар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ҳокимликлар ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари ходимлари ўртасида турли спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ҳам ташкил этилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари