Испанияда ишчилар солиқ учун 231 кун ишлайди
Испанияда ўртача даромадли ишчи йил бўйи топган даромадининг солиқ ва ижтимоий ажратмага кетадиган қисмини қоплаш учун 231 кун ишлаши зарур. “Civismo” жамғармаси ҳисоб-китобига кўра, “Солиқдан озод бўлиш куни” 20 августга тўғри келган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки кун кўпайган.
Педро Санчес Бош вазирликка келган пайт, яъни 2018 йил ушбу сана 27 июнь деб белгиланган эди. Шундан бери солиқ юки шартли равишда 54 кунга ошган. Тадқиқот муаллифлари бунга сабаб сифатида ижтимоий ажратма кўпайиши, солиқ ставкаси чегараси инфляцияга мос равишда ўзгармагани, айрим қўшилган қиймат солиғи ставкалари тиклангани ва маҳаллий йиғим жорий этилганини кўрсатган.
Ҳисоботга кўра, йиллик ялпи маоши 32 446 евро бўлган ходим иш берувчига ижтимоий ажратма билан бирга 42 390,70 евро келтиради. Ходимнинг қўлига эса 24 724,91 евро тегади. Қолган 17 665,79 евро, яъни умумий меҳнат харажатининг 41,7 фоизи солиқ ва ижтимоий ажратмага сарфланади. Ҳар 100 евродан фақат 58,30 евро ходимга соф даромад сифатида берилади.
Солиқ юки ҳудудга қараб ҳам фарқланади. Шартли “Солиқдан қутулиш куни” Басклар ўлкасида 14 август, Мадридда 15 август, Каталония ва Экстремадурада 26 август. Бинобарин, айни кўрсаткич давлатнинг расмий мезони эмас. Танқидчилар ҳисоб-китобда солиқ харажат сифатида кўрсатилгани, шу ҳисобдан молиялаштириладиган тиббиёт, таълим ва пенсия каби давлат хизматлари эса инобатга олинмаганини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА