Уч давлат, икки йўналиш: Эрон билан мулоқот ва жамоавий мудофаа
Саудия Арабистони, Покистон ва Туркия Эрон билан минтақавий хавфсизлик бўйича музокара олиб боряпти. Айни пайт ўзаро мудофаа мажбуриятини ҳам мустаҳкамлаяпти. Теҳрондаги учрашув АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинликни дипломатик йўл билан юмшатишга уриниш давом этаётган, Саудия эса хусийлар ҳужуми хавфига дуч келган бир шароитда ўтяпти.
Теҳрондаги музокарада Саудия мудофаа вазири шаҳзода Холид бин Салмон, Покистон армияси қўмондони, фельдмаршал Осим Мунир ва Туркия разведка хизмати раҳбари Иброҳим Қалин иштирок этяпти. Улар Эрон Олий миллий хавфсизлик кенгаши котиби Муҳсин Ризоий билан учрашиши кутиляпти. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий мулоқотни минтақавий давлатлар ҳамкорлигига асосланган хавфсизлик механизмини шакллантириш йўлидаги эҳтимолий қадам сифатида баҳолади. Теҳрон бундай тизим минтақадаги мамлакатлар имконияти ва манфаатига таяниши кераклигини таъкидлаган.
Саудия, Покистон ва Туркия 2026 йил августда имзолаган Макка қўшма мудофаа келишувига кўра, аъзолардан бирига қуролли ҳужум учала давлатга қилинган ҳужум сифатида баҳоланади ва қолган икки давлат ёрдам кўрсатиши талаб этилади. Яман хусийлари Саудияга ракета ва дрон орқали зарбалар бериши иттифоқнинг жамоавий мудофаа мажбуриятини амалий синовдан ўтказмоқда.
Туркия ҳимоя чорасини қўллаб-қувватлаш билан Ямандаги хусийларга қарши ҳужумда иштирок этишни фарқламоқда. Қолаверса, уч давлат Эрон билан бевосита мулоқот олиб бориши ҳарбий тийиб туриш ва дипломатияни бир вақтда қўллашга интилишни кўрсатади. Ҳозирча янги минтақавий хавфсизлик механизмини яратиш бўйича келишув эълон қилинмаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА