Иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга 1 миллион сўмдан ёрдам пули бериш режалаштирилмоқда
Ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бир марталик 1 млн. сўмдан моддий ёрдам ажратиш режалаштирилмоқда. Маблағ 30 ноябрга қадар ижтимоий карта ёки банк карталарига ўтказилади.
Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойланган “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор тамойилларига ўтиш жараёнида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги Президент фармони лойиҳасида сўз боради.
Ёрдам фақат Ижтимоий реестрдаги оилалар билан чекланмайди. Жон бошига даромади МИХнинг 2 бараваригача бўлган, аммо реестрга киритилмаган эҳтиёжманд оилалар ҳам қўшимча рўйхат асосида қамраб олиниши мумкин. Электр ва табиий газ компенсациялари бўйича даромад мезони ҳам МИХнинг 1,5 бараваридан 2 бараваригача кенгайтирилади.
Газлаштирилмаган ва табиий газ етиб бориш қийин ҳудудларда электр энергиясининг иситиш мавсумидаги базавий меъёрини 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатгача ошириш таклиф этилмоқда.
Бу чоралар билан бир қаторда, аҳоли учун иситиш ва иссиқ сув хизматларига янги тарифлар жорий этиш, суюлтирилган газ нархини 1 кг. учун 5 минг сўм этиб белгилаш таклиф этилмоқда. Эҳтиёжманд оилаларга эса 2030 йил 1 январга қадар ойига 20 кг.гача ҳар бир килограмм учун 3 минг сўмдан компенсация тўланади.
ЎзА