Билимлар сари очилган йўл
Иқтидорли ёшлар учун янги имкониятлар, халқаро таълим сари дадил қадамлар ва келажакка ишонч. “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари"нинг бош ғояси ана шулардан иборат.
5 октябрь куни мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларида ёшлар учун муҳим ташаббусга старт берилган эди. Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида бошланган “Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари” доирасидаги учрашувлар ёшларнинг халқаро таълим имкониятларига бўлган қизиқишини ошириш, уларни янги марралар сари руҳлантириш ва иқтидорини рўёбга чиқаришга қаратилди.
Тадбирларда мактаб ўқувчилари, талабалар, маҳалла ёшлари ва давлат хизматчилари иштирок этди. Очиқ мулоқотлар нафақат юзма-юз, балки онлайн форматда ҳам ташкил этилди. Бу эса чекка ҳудудларда яшаётган ёшларга ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, халқаро таълим дастурлари билан яқиндан танишиш имконини берди.
Учрашувлар давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари ёшларга хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларида ўқиш, очиқ стипендия танловларида қатнашиш, номзодларга қўйиладиган талаблар ва танлов жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Айниқса, хорижда таҳсил олишни истаган ёшлар учун стипендия дастурлари, ҳужжатларни тайёрлаш, танлов босқичларига пухта ҳозирлик кўриш ҳамда таълимдан кейинги касбий истиқболлар билан боғлиқ масалалар катта қизиқиш уйғотди.
Мулоқотларда яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди: халқаро таълим имкониятлари фақат йирик шаҳарларда яшовчи ёки муайян ижтимоий имкониятларга эга ёшлар учун эмас. Аксинча, билим олишга интилган, мақсади аниқ ва салоҳиятли ҳар бир ёш учун имкониятлар эшигини очиш ташаббуснинг асосий вазифаларидан биридир.
[gallery-31913]
Жамғарма стипендиатлари билан ўтказилган учрашувлар эса тадбирларнинг энг таъсирчан жиҳатларидан бири бўлди. Хорижда таълим олиш тажрибаси, янги муҳитга мослашиш, илмий изланишлар ва касбий ривожланиш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ёшларга халқаро майдонда ўз ўрнини топиш мумкинлигини яна бир бор кўрсатди.
Зеро, бугун олинган билим эртанги тараққиётга хизмат қилади. Хорижда орттирилган тажриба эса мамлакатимиз иқтисодиёти, давлат бошқаруви, тиббиёт, муҳандислик, сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва илм-фан соҳаларида янги имкониятлар яратишга замин бўлади.
Рақамлар ҳам мазкур йўналишдаги ишлар кўламини яққол намоён этади. 2018-2025 йилларда “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2 минг 300 нафарга яқин ёш дунёнинг 40 га яқин мамлакатида халқаро тажриба орттириш учун юборилди. Уларнинг 1 минг 600 нафардан зиёди Ўзбекистонга қайтиб, турли соҳалар ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
2025-2026 йилларда ўтказилган очиқ стипендия танловларида эса 447 нафар ёш “Эл-юрт умиди” стипендияси совриндори бўлди. Эътиборлиси, ғолибларнинг 80 фоизи дунёнинг ТОП-100 университетларига қабул қилинган.
Бу кўрсаткичлар ёшларга инвестиция киритиш, уларнинг билим ва салоҳиятини қўллаб-қувватлаш мамлакат келажагига хизмат қилишини тасдиқлайди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси кунлари” доирасидаги тадбирлар 15 октябрга қадар республика бўйлаб давом этади. Олдинда яна кўплаб учрашувлар, очиқ мулоқотлар ва янги имкониятлар бор.
Бугун ёшлар учун очилаётган таълим эшиклари истиқболда Ўзбекистон тараққиётига қўйилаётган мустаҳкам қадам. Чунки мамлакатнинг энг катта бойлиги – билимли, ташаббускор ва ўз келажагига ишонган ёшлар.
Тошкент шаҳридаги Президент мактабида «Эл-юрт умиди» жамғармаси кунлари” доирасида ёшлар иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда Президент мактаби ўқувчилари билан бир қаторда, пойтахтдаги 27-, 98-, 142-, 171- ва 241-сонли умумтаълим мактабларининг юқори синф ўқувчилари ҳам қатнашди.
Онлайн форматда ташкил этилган мулоқотга 20 дан ортиқ олий таълим муассасаси талабалари ҳам қўшилди. Умуман, тадбир орқали 1,5 мингдан зиёд ёш дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятлари ҳақида маълумотга эга бўлди.
Учрашувлардан кўзланган асосий мақсад ёшларни халқаро таълим имкониятлари билан таништириш, уларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек, хорижий олийгоҳларда таҳсил олишга бўлган қизиқишини оширишдан иборат. 5 октябрдан буён «Эл-юрт умиди» жамғармаси кунлари” доирасида ёшлар билан 30 дан ортиқ учрашув ва очиқ мулоқот ўтказилди. Тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ташкил этилди.
Офлайн ва онлайн форматларда ўтаётган мулоқотлар юқори синф ўқувчилари, талабалар, ёш мутахассислар ҳамда маҳалла ёшларини қамраб олмоқда. Ҳозирга қадар мазкур тадбирларда жами 40 мингга яқин ёш иштирок этди.
Бундай учрашувлар ёшларнинг халқаро таълим дастурлари ҳақидаги билимларини кенгайтириш, уларни янги имкониятлардан самарали фойдаланишга йўналтириш ва келажакда малакали мутахассис бўлиб етишишлари учун зарур маълумотларни етказишда муҳим аҳамият касб этади.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат),
ЎзА