Инсон қадри ва ижтимоий ҳимоя — устувор вазифа
Қарор ва ижро
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражаси ва ҳаёт сифатини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар, айниқса, маҳалла тизими фаолиятида ўзининг амалий натижаларини кўрсатмоқда. Инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг муаммоларини манзилли ҳал этиш ва уларнинг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш бугун давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, кам таъминланган ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Уларни бандликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш, моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш, ижтимоий хизматлар қамровини кенгайтириш каби вазифалар маҳалла даражасида самарали ташкил этилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилоят бошқармасининг туман-шаҳарлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари орқали аҳолига 100 дан ортиқ турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар томонидан ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар муаммолари юзасидан 142 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган. Шундан 103 мингдан зиёди бўйича ижобий ечимлар топилди. Шунингдек, 5 мингдан ортиқ шахсга профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш мақсадида индивидуал режалар ишлаб чиқилган.

Бу каби ишлар амалда қандай натижа бераётганини аниқ мисолларда ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Пискент туманида яшовчи Ирода Абдужамолова оиласи ижтимоий реестрга киритилган бўлиб, оилада қатор ижтимоий муаммолар мавжуд эди. Турмуш ўртоғининг ишсизлиги, фарзандлар саломатлиги билан боғлиқ масалалар оиланинг турмуш шароитига таъсир кўрсатаётганди.
Ижтимоий ходимлар томонидан мазкур оила ҳолати ўрганилиб, аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Оила аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди, фарзандлар таълим муассасаларига жойлаштирилди. Ногиронлиги бўлган фарзанд учун зарур тиббий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди, аравача билан таъминланди. Шунингдек, оила бошлиғининг бандлиги таъминланди, фарзандларнинг қўшимча таълим тўгаракларига жалб қилинишига кўмак берилди. Бугунги кунда ушбу оиланинг ижтимоий ҳолати ва оилавий муҳити сезиларли даражада яхшиланган.

Маҳаллаларда ижтимоий ходимлар ташаббуси билан аҳолининг фаоллигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган минилойиҳалар ҳам кенг йўлга қўйилмоқда. Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманидаги "Шоликор" МФЙ ижтимоий ходими Нодира Ҳайдаралиева томонидан “Камбағалликдан фаровонлик сари” лойиҳаси ишга туширилди.
Ушбу ташаббус доирасида бир фуқарога тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам берилди. Натижада у ўз хонадонида сартарошхона ва маиший техника таъмирлаш устахонасини ташкил қилди.
Бу орқали нафақат оиланинг даромади икки-уч баробарга ошди, балки бошқа эҳтиёжманд фуқароларнинг ҳам иш ўрганиши ва бандлигига имконият яратилди. Ҳозирги кунда ушбу оиланинг даромади белгиланган мезондан юқори бўлиб, улар камбағаллик реестридан чиқарилган.
— Бундан ташқари, Президентимизнинг 2026 йил 5 февралдаги "2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида" қарори доирасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга қаратилган амалий ишлар ҳам изчил давом этмоқда, — дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилоят бошқармаси бошлиғи Миразиз Мурсултонов. — Қарорга мувофиқ, Ижтимоий реестрга киритилган ҳамда давлат таъминоти тоифасига мансуб, меҳнатга лаёқатсиз ва таркибида I гуруҳ ногиронлиги бўлган аъзолари мавжуд оилаларнинг хонадонларини энергия тежамкор ҳолатга келтириш ишлари йўлга қўйилди. Бу орқали нафақат уй-жой шароитларини яхшилаш, балки энергия сарфини камайтириш ҳисобига оилаларнинг кундалик харажатларини қисқартириш ҳам кўзда тутилган.
Мутахассислар таъкидлашича, ҳозирги кунда Тошкент вилоятида мазкур қарор бўйича жами 103 та оила хонадонини энергия тежамкор ҳолатга келтириш бўйича амалий ишлар ташкил этилган. Мутахассислар томонидан уй-жойларнинг техник ҳолати ўрганилиб, уларни янада қулай ва замонавий талабларга мослаштириш мақсадида энергия тежовчи технологиялар жорий этилмоқда.
Хусусан, Чирчиқ шаҳридаги Гулистон маҳалласида яшовчи I гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Чагай Евгений хонадонида ҳам мазкур дастур доирасида таъмирлаш ва энергия тежамкорликка қаратилган ишлар амалга оширилди. Фуқаро эса бундан мамнун.
Шубҳасиз, бундай эзгу ташаббуслар аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, айниқса, имконияти чекланган фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларига муносиб турмуш шароитларини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
А. Мусаев, ЎзА