Талабалар иштирокида “Дўстлик фестивали” ўтказилмоқда
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Дўстлик фестивали” доирасида вилоятлардаги олий ўқув юртларидан ташриф буюрган талаба-ёшлар иштирокида “Ватанпарвар ёшлар – Янги Ўзбекистон келажагининг бунёдкорлари” мавзусида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди.
Унда ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, меҳнат фахрийлари, профессор-ўқитувчилар ва бир қатор меҳмонлар иштирок этди.

Тадбир ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда миллий қадриятларга ҳурмат, юртимиз тинчлиги ва тотувлигига дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. Учрашув давомида сўзга чиққанлар бугунги кунда ёшларнинг билимли, фидойи ва ташаббускор бўлиб вояга етиши мамлакат тараққиётининг муҳим омили эканини алоҳида таъкидлади.
Учрашув давомида меҳмонлар томонидан ҳарбий хизматнинг нуфузи, Ватанга садоқат, тинчликнинг қадри ва ёшларнинг жамиятдаги ўрни ҳақида мазмунли фикрлар билдирилди. Айниқса, фахрийлар ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳаётий тажрибалари, мардлик ва фидойилик ҳақидаги ҳикоялари талаба-ёшларда катта таассурот қолдирди.

Республикамизнинг турли ҳудудларидаги олий ўқув юртларидан келган талаба-ёшлар иштирокида “Заковат Қуиз” интеллектуал танлови ташкил этилди. Мазкур танлов ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, мантиқий фикрлаш кўникмаларини намоён этишга хизмат қиладиган билим майдонига айланди.
Мусобақа жараёнида иштирокчиларга тақдим этилган саволлар нафақат уларнинг билим даражасини, балки тезкор фикрлаш, мулоҳаза юритиш ва жамоавий ҳамкорлик компетенцияларини ҳам синовдан ўтказди. Танлов давомида талаба-ёшлар томонидан билдирилган пухта ва асосли жавоблар уларнинг юқори интеллектуал салоҳиятга эга эканлигини яна бир бор тасдиқлади.

“Дўстлик фестивали” доирасида иштирокчилар Ахборот-ресурс маркази ҳамда регистратор офиси фаолияти билан яқиндан танишди. Меҳмонларга марказда яратилган замонавий шароитлар, электрон кутубхона тизими, илмий-адабиётлар фонди ва талабаларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, бу ерда ёшларнинг таълим олиши ва илмий изланишлар олиб бориши учун яратилган қулай муҳит меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Шундан сўнг, меҳмонлар университет қошидаги қатағон қурбонлари хотираси музейини томоша қилди. Ушбу учрашув ва танишувлар талаба-ёшлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда олий таълим тизимидаги илғор тажрибаларни оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.