Танлов ғолиблари тақдирланишди
Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани Тошкент маҳалласида “15 май — Халқаро оила куни” муносабати билан “Ибратли оила” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Бугунги кунда Мирзаобод туманида 21 мингдан ортиқ оила истиқомат қилиб келмоқда. Шу муносабат билан тумандаги барча маҳалла ва ташкилотларда “Оиламиз — келажагимиз” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди.
Тошкент маҳалласида ўтказилган тадбирда “Ибратли оила” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Мирзаобод туманидан жами 18 нафар оила номзоди Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитасига тақдим этилган бўлиб, улар орасидан 10 та намунавий ва ибратли оила ғолиб сифатида эътироф этилди.
Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари-Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибаева иштирок этиб, жамиятда оиланинг ўрни, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларга яратилаётган имкониятлар ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, у ғолиб оилаларни маҳаллаларда фаолликни ошириш, ажрим ёқасидаги ҳамда низоли оилалар билан ишлашда маҳалла фаолларига кўмак беришга чақирди.
[gallery-29401]
Тадбир давомида оила муқаддаслиги, миллий қадриятлар ва ўзаро ҳамжиҳатликни улуғловчи чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Таъкидланишича, бу каби тадбирлар оилалар ўртасида меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тадбир якунида ғолиб оилаларга “Ибратли оила” кўкрак нишони, пул мукофотлари, Мирзаобод туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ҳамда қимматбаҳо совғалар тантанали равишда топширилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА