Илм-фан интеграцияси ва эркинлик тараққиётнинг муҳим шарти саналади
Ватанимиз Мустақиллигининг 35 йиллиги босиб ўтилган тарихий йўлни сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларни мушоҳада этиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш учун муҳим маррадир.
Ушбу даврда мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари қаторида илм-фан соҳасида ҳам туб сифат ўзгаришлари юз берди. Мустақиллик, аввало, илм аҳли учун кенг имкониятлар, тадқиқотлар эркинлиги ва халқаро интеграция эшикларини очди.
Олимлар мафкуравий ва маъмурий чекловлар билан яшаса жамиятга фойда бера олмайди. Жаҳон илм-фани билан бевосита мулоқот қилиш имкони борлиги катта ютуқлар асоси саналади. Мамлакатнинг ташқи дунёга очилиши илм аҳли учун хорижий ҳамкасблар билан эркин фикр алмашиш, нуфузли анжуманларда иштирок этиш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва хориж университетларида тажриба оширишдек кенг уфқларни очди.

Собиқ тузум давридаги аҳволни биргина ҳаётий мисол аниқ кўрсатиб беради. 1980-йиллар охирида Тошкент давлат университети ўзбек филологияси факультетида фаолият юритган устозларимиздан бирига Туркияда ўтказиладиган халқаро анжумандан таклифнома келган эди. Мезбон томон барча харажатларни ўз зиммасига олганига қарамай, олим мустақил қарор қабул қила олмасди. Ҳужжатлар Москвага юборилиб, ойлаб кутилган жавоб салбий бўлган. Иштирок этишга рухсат берилмаган.
Бугунги олим учун бундай ҳолатни тасаввур қилиш мушкул. Мана шу биргина омил мустақиллик илм аҳли учун қанчалик буюк қадрият эканини англатади. Ҳозирда хорижий конференцияларда қатнашиш, халқаро илмий марказлар ва университетлар билан ҳамкорлик қилиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш одатий академик ҳаётнинг таркибий қисмига айланди.
Академик мобиллик ва хорижда малака оширишга берилаётган алоҳида эътибор бежиз эмас. Зеро, илм-фан миллий чегаралар билан чекланмайди. Олим дунёда пайдо бўлаётган янги концепция ва методлардан хабардор бўлиши, шу билан бирга миллий тадқиқот натижалари, илмий мактабларимиз ва мамлакатнинг интеллектуал салоҳиятини жаҳонга танитиши зарур. Бу икки томонлама муҳим жараёндир.
Шогирдлик ва изланишлар давримда, хусусан, сўнгги 27 йил мобайнида хориждаги ўндан ортиқ илмий муассасаларда тажриба орттириш насиб этди. Бугунги кунда халқаро илмий алоқалар олим фаолиятининг муҳим мезони сифатида эътироф этилаётгани, шубҳасиз, соҳа вакилларига катта куч-ғайрат бағишлайди.
Мустақилликнинг 35 йиллик санаси бизга фахр-ифтихор ва юксак масъулият беради. Дунёга чиқиш имконияти берилди, эндиги вазифа жаҳон илм-фанида муносиб ўрин эгаллаш, фақат тайёр билимларни ўзлаштирувчи эмас, балки жаҳонга янги ғоя ва тадқиқотларни тақдим этивчи етакчи марказга айланишдир. Зеро, мустақил тараққиётимизнинг энг катта ютуғи миллий тафаккур ва илм-фанимизнинг дунё билан тенг ва эркин мулоқотга киришганидадир.
Афтондил ЭРКИНОВ,
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси профессори,
филология фанлари доктори.
ЎзА