Биринчи қўнғироқ – янги мақсадлар чорлови
Пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 305-умумтаълим мактабида янги ўқув йилига бағишланган анъанавий “Биринчи қўнғироқ” тадбири кўтаринки руҳда ўтказилди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратайлик!” шиори остида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, мактаб ўқитувчилари, ўқувчилар ҳамда ота-оналар иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёш авлод учун яратилаётган замонавий шарт-шароит ва имкониятлар ҳақида сўз юритилди. Иштирокчиларга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мактаб ўқувчилари, устоз ва мураббийларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимиз таълим тизимида кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади. Хусусан, ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллаши, интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириши учун зарур шароитлар яратилаётгани қайд этилди.
305-умумий ўрта таълим мактабида ҳам ўқувчиларга пухта билим бериш, уларни мустақил фикрлайдиган, Ватанга садоқатли ва жамиятда муносиб ўрин эгаллайдиган баркамол авлод вакиллари этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда мазкур таълим муассасасида 2 минг 372 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилида улар сафига 350 нафар биринчи синф ўқувчиси қўшилди.
[gallery-31219]
Мактаб остонасидан илк бор қадам қўяётган болажонлар учун “Биринчи қўнғироқ” тадбири айниқса унутилмас таассуротларга бой бўлди. Уларга “Президент совғаси” тантанали равишда топширилди. Таркибида 12 номдаги ўқув қуроллари жамланган ушбу совға болажонларнинг мактабдаги илк кунини янада қувончли қилди.
Тадбир давомида ўқувчилар томонидан тайёрланган шеърлар, қўшиқлар ва бадиий чиқишлар намойиш этилди. Илк бор мактаб формасини кийиб, қўлига китоб-дафтар тутган болажонларнинг қувончи ва ҳаяжони тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Мактаб жамоасининг таълим-тарбия борасидаги меҳнатлари битирувчиларнинг эришаётган ютуқларида ҳам намоён бўлмоқда. Жумладан, 2025/2026 ўқув йилида мактабни 185 нафар ўқувчи битирган бўлиб, уларнинг 122 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинди.
Бу кўрсаткич таълим муассасасида ўқувчиларни олий таълимга тайёрлаш, уларнинг билим ва қобилиятларини ривожлантириш борасида изчил ишлар олиб борилаётганидан далолатдир.
Янги ўқув йилининг илк кунида янграган қўнғироқ нафақат биринчи синф ўқувчилари, балки барча ўқувчилар учун янги мақсад ва янги марралар сари чорлов бўлди.
Зеро, мактаб остонасида қўйилган ҳар бир қадам эртанги куннинг мустаҳкам пойдеворидир. Билимга чанқоқ, юксак мақсадлар сари интилаётган ёшлар мамлакатимиз тараққиётининг энг муҳим таянчидир.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА