Хотин-қизларнинг сиёсий қарор қабул қилиш жараёнларида тенг ва самарали иштирокини таъминлаш кенгайтирилади
Бухорода ўтказилаётган Осиё хотин-қизлари форуми доирасида “Давлат ва жамият бошқаруви ҳамда сиёсий қарор қабул қилиш жараёнларида хотин-қизлар иштирокини кенгайтиришнинг долзарб масалалари” мавзусида сессия бўлиб ўтди.
Мазкур сессияда хотин-қизлар етакчилигини мустаҳкамлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, сиёсий қарор қабул қилиш жараёнларида тенг ва самарали иштирокини таъминлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Сессия иштирокчилари хотин-қизлар етакчилигининг демографик барқарорликни таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш, ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш ҳамда “гендер дивиденди” салоҳиятини очиб беришдаги стратегик аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Муҳокамалар давомида хотин-қизларнинг сиёсий ва давлат бошқаруви соҳаларига жалб этилишини рағбатлантирувчи давлат сиёсати, миллий ва минтақавий дастурлар, ҳуқуқий механизмлар ҳамда институционал ёндашувлар хусусида фикр алмашилди.

Парламент, давлат органлари ва давлат хизматида хотин-қизлар иштирокини кенгайтириш, раҳбарлик ва сайланадиган лавозимларда уларнинг вакиллигини оширишга қаратилган самарали механизмлар муҳокама қилинди.
Сессия иштирокчилари хотин-қизлар етакчилигини чеклаб қўяётган институционал ва ижтимоий-маданий тўсиқларга ҳам тўхталиб, уларни бартараф этиш бўйича тизимли ечимлар ва илғор халқаро тажрибалар юзасидан таклифлар билдирди.
Тадбир якунида хотин-қизлар етакчилигини янада мустаҳкамлаш, институтлар фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш, гендер тенглик соҳасида амалий ва ўлчаб бўладиган натижаларга эришишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш юзасидан келишувларга эришилди.
Н.Абдураимова, Т.Истатов (сурат), ЎзА