Хоразмнинг “туркча” ўриклари – экспортга чиқди (+видео)
Хонқа туманидаги “Машариф Шарифа” фермер хўжалигида экспортбоп “Туркча” ўрик навлари етиштирилди.
Маълумки, воҳанинг иқлими ва табиий шароитлари бошқа вилоятларга, айниқса, водий ёки жанубий ҳудудларга қараганда ўзига хос фарқларга эга. Ушбу ҳудуд иқлими кескин континентлиги билан ажралиб туради. Қиш бу ерда узоқроқ давом этади ва тупроқнинг қизиши жанубий ҳудудларга нисбатан 10-15 кун кечроқ бошланади. Дарахтлар уйқудан кечроқ уйғонгани сабабли, гуллаш ва мева тугиш жараёни ҳам табиий равишда кечикади.
Бундан тўрт йил муқаддам хўжаликнинг 6 гектар майдонига Туркиядан махсус келтирилган, иқлимга мос ва серҳосил эртапишар ўрик кўчатлари экилган эди.
Кўрсатилган агротехник ишловлар ва замонавий парвариш натижасида бугун ушбу боғлар тўлиқ ҳосилга кирди.
– Бизнинг эртапишар ўрик навларимизнинг афзаллиги шундаки, улар “Вондергод”, “Қилич” навлари каби бозорга бошқа навлардан олдин чиқади ва экспортбоплиги билан ажралиб туради, – дейди хўжалик раҳбари Отабек Сувонқулов. – Бизнинг иқлим шароитимизга тўғри келармикан деб иккиланган эдим. Ушбу навлар воҳамизга жуда мос экан. Ҳозир дарахт шоҳлари меваларини базўр кўтариб турибди.
[gallery-29429]
Етиштирилаётган сархил мевалар нафақат ички бозорларимизни тўлдирмоқда, балки хорижий харидорларнинг ҳам эътиборини тортди. Ҳозирда маҳсулотлар қўшни давлатларга экспорт қилинмоқда. Бу эса хўжаликка қўшимча даромадини таъминлаш билан бирга, жаҳон бозорларида ўзбек брендининг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
– Асосан Россия ва Қозоғистонга экспорт қилмоқдамиз, – дейди Отабек Сувонқулов. – Тошкент ва бошқа вилоятларга ҳам олиб кетишяпти. Ҳозирда улгуржи харидорлар боғнинг ўзидан меваларни қадоқлаб, транспортларга ортишмоқда. Бу ўрик навининг яна бир афзаллиги шундаки, доналарининг кўриниши, ўлчами ва оғирлиги бир хилда бўлар экан. Бу эса экспорт стандартларига жуда мос.
Жорий мавсумда хўжалик аъзолари ўрикнинг ўзидан 70 тоннадан зиёд ҳосил олишни режалаштиришган. Бироқ, фермер хўжалиги фақат ўрик билан чекланиб қолгани йўқ. Боғнинг қолган 6 гектардан ортиқ майдонида сараланган навли нок, ширин ва сершарбат олма ва бошқа мевалари парвариш қилинмоқда.
Мазкур боғ нафақат даромад манбаи, балки маҳаллий аҳоли учун янги иш ўринлари демакдир. Айниқса, ҳосил йиғиб-териб олиш ва саралаш жараёнларида ўнлаб мавсумий ишчилар бандлиги таъминланмоқда.
“Машариф Шарифа” фермер хўжалигининг тажрибаси шуни кўрсатадики, ерга меҳр бериб, илм билан ёндашилса, ер албатта ўз саховатини кўрсатади.
Хоразмнинг “туркча” ўриклари эса мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда янги манба бўлади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sFQluSwJQfs" title="Xorazmning “turkcha” o‘riklari – eksportga chiqdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари