Ўзбекистон ва Жанубий Корея маданий муносабатларининг замонавий босқичи
Шу кунларда маданият ва санъатимизнинг бир гуруҳ намояндалари Корея Республикасида ижодий сафарда, яъни “Ўзбекистон маданият кунлари” тадбирларида иштирок этмоқда.
Мазкур ижодий сафар хусусида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ректори, профессор Элдор Шерманов билан суҳбатлашдик.
– Элдор ака, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилаётганини кўриб турибмиз. Айниқса, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни қандай баҳолайсиз?
— Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги муносабатлар ҳар томонлама жадал ривожланиб бормоқда. Айниқса, маданий ва гуманитар алоқалар тобора кенгайиб, анъанавий маданий тадбирлар доирасидан чиқиб, таълим, илм-фан, санъат ва ёшлар ҳамкорлигини қамраб олган узоқ муддатли шерикликка айланмоқда.
Бу жараённи инсон омили ҳам яққол намоён этади. 2025 йил ҳолатига кўра, Жанубий Кореяда таҳсил олаётган ва илмий тадқиқот олиб бораётган ўзбекистонлик ёшлар сони 20 минг нафарга, меҳнат фаолияти билан банд фуқароларимиз сони эса 100 минг нафарга яқинлашган. Ўзбекистонда эса 172 мингдан ортиқ корейс миллатига мансуб фуқаролар тинч ва тотув ҳаёт кечирмоқда. Бу рақамларнинг ўзиёқ халқларимиз ўртасидаги маданий яқинлик қанчалик мустаҳкам эканини кўрсатади.
Ўзбекистон ва Корея халқлари ўртасидаги маданий алоқаларнинг тарихи ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
Бу алоқаларнинг илдизлари жуда қадимий. Буюк Ипак йўли орқали аждодларимиз Корея яримороли билан савдо ва маданий муносабатлар ўрнатган.
Бунинг энг ёрқин далилларидан бири Самарқанддаги VII асрга оид Афросиёб саройи деворий суратларидир. Уларда Сўғдиёна элчилари қаторида Когурё давлати вакиллари ҳам ўзига хос қиёфада, қўлларида турли совғалар билан тасвирланган. Мазкур тарихий манба халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалишини кўрсатади.
- Бугунги Кореянинг маданий ва таълим инфратузилмаси ҳақида қандай маълумотлар бор?
– Жанубий Кореяда маданият ва санъат соҳаси учун замонавий инфратузилма шаклланган. Жанубий Корея Маданият, спорт ва туризм вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил бошида мамлакатда 1364 та театр ва томоша зали фаолият юритган. Уларнинг айримлари давлатга, бошқалари эса хусусий ташкилотлар, муниципалитетлар, жамоат ташкилотлари, университетлар ҳамда турли корхона ва муассасаларга тегишли.
Шунингдек, аҳоли, айниқса ёшларнинг мусиқий ва эстетик дунёқарашини ривожлантиришга хизмат қилаётган мусиқа академиялари, консерваториялар ва хусусий мусиқа мактаблари ҳам кенг фаолият олиб бормоқда.
Олий таълим соҳасига эътибор қаратадиган бўлсак, Жанубий Кореяда 422 та олий таълим муассасаси мавжуд. Корея Таълимни ривожлантириш институти — KEDI маълумотларига кўра, 2025 йил 1 апрель ҳолатида мамлакат олий таълим муассасаларида 253 минг нафар хорижий талаба таҳсил олган. Бу 2024 йилдаги 209 минг нафар кўрсаткичга нисбатан қарийб 21 фоиз кўп.
Хорижий талабалар орасида Хитой ва Вьетнам ёшлари етакчи ўринларни эгалласа, уларнинг қарийб 20 минг нафари Ўзбекистон фуқароларидир.
– Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи доирасида ҳам қатор муҳим тадбирлар ўтказилди. Бу жараёнда маданий ҳамкорликка қандай ўрин берилди?
– Президентимиз 14–16 сентябрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида давлат ташрифи билан бўлди. Ташриф доирасида қатор учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Шу кунларда Жанубий Кореянинг бир неча шаҳарларида 14-21 сентябрь кунлари Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилаётгани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Тадбирлар доирасида мамлакатимиз санъаткорлари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилди.
Бироқ бу галги маданият кунларининг аҳамиятини фақат концерт ва томоша дастурлари билан чеклаб бўлмайди. Дастурдан нуфузли илмий ва таълим муассасалари фаолияти билан танишиш, иқтидорли ёшлар билан мулоқот қилиш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви каби муҳим масалалар ҳам ўрин олди.
– Шу маънода, Сеулдаги университетлар билан ҳамкорликни қандай аҳамиятли воқеа сифатида кўрсатиш мумкин?
– 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация Сеул шаҳридаги Жанубий Кореянинг нуфузли давлат университетларидан бирида бўлди. Мазкур университетга кореялик маърифатпарвар ва моҳир педагог доктор Ли Сук Жон томонидан 1936 йилда асос солинган.
Бугунги кунда университетда 50 дан ортиқ йўналиш бўйича 13 минг 877 нафар талаба таҳсил олмоқда. Олийгоҳ актёрлик санъати, вокал санъати, мусиқа терапияси ва хореография каби маданият ва санъатнинг нозик йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайди.
Айни пайтда ушбу таълим муассасасида икки мингга яқин хорижий талаба таҳсил олмоқда. Улар орасида Ўзбекистондан борган 20 нафардан ортиқ иқтидорли талаба – бакалавр, магистр ва докторантларнинг таҳсил олаётгани қувонарли.
Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамда Сунгшин аёллар университети ўртасида тажриба алмашиш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва стажировкасини ташкил этиш, талабалар алмашинуви дастурларини ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ва Сунгшин аёллар университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Учрашувда Маданият вазири Озодбек Назарбековга университетнинг фахрий профессори унвони берилгани ҳам хабар қилинди. Бу эътирофнинг аҳамияти нимада?
– Сунгшин аёллар университети президенти, профессор Сонг Кин И томонидан Озодбек Назарбековга Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги маданият ва санъат алоқаларини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун университетнинг фахрий профессори унвони топширилди.
Менимча, бу нафақат бир шахсга берилган унвон, балки икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликка берилган юксак баҳодир. Ушбу эътироф халқларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончнинг яна бир ифодаси бўлди.
– Делегация аъзолари университетда таълим жараёни билан ҳам танишдилар. Қайси йўналишлар алоҳида қизиқиш уйғотди?
– Расмий учрашувлардан сўнг делегация аъзолари университетнинг моддий-техник базаси ва таълим жараёни билан яқиндан танишди.
Хусусан, овоз ёзиш студияси, грим усталарини тайёрлаш маркази, актёрлик маҳорати учун мўлжалланган аудиториялар ва мусиқа терапияси кафедраси фаолияти катта қизиқиш уйғотди.
Бундай тажрибани ўрганиш биз учун жуда муҳим. Чунки санъат таълимида замонавий технологиялардан фойдаланиш, амалий кўникмаларни ривожлантириш ва талабалар учун халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири.
– Жанубий Кореяда таҳсил олаётган ўзбекистонлик ёшлар билан ҳам учрашув ўтказилди. Мулоқот қандай руҳда кечди?
Куннинг иккинчи ярмида университет фаоллар залида Жанубий Кореяда таҳсил олаётган, мамлакатимиз маданияти, санъати ва она тилимиз тарғиботига муносиб ҳисса қўшиб келаётган иқтидорли ўзбекистонлик ёшлар билан учрашув ташкил этилди.
Самимий ва кўтаринки руҳда ўтган мулоқот давомида ёшларнинг фикр ва таклифлари тингланди. Улар ўзларини қизиқтираётган масалалар, мавжуд имкониятлар ва келгусида амалга оширишни режалаштираётган ташаббуслари ҳақида сўз юритдилар.
– Учрашувда Корея кино соҳасида фаолият юритаётган ўзбекистонлик ёшлар ҳам иштирок этган экан.
Ҳа, учрашувда Жанубий Корея кино соҳасида муайян ютуқларга эришиб келаётган ёш актёр ва бошловчи Нуриддин Аҳмедов ҳам иштирок этди. У Netflix, Disney ва Amazon платформаларидаги лойиҳаларда турли ролларни ижро этган ўзбекистонлик актёрлардан бири сифатида ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.
У Ўзбекистонда кино санъатига қаратилаётган эътиборни алоҳида эътироф этиб, юртимиз тарихига бағишланган фильмларни суратга олиш лойиҳаларида иштирок этишга тайёр эканини билдирди. Бундай ёшлар мамлакатимизнинг маданий салоҳиятини халқаро майдонда намоён этаётган муҳим вакиллардир.
– Жанубий Кореяда ўзбек миллий мусиқаси ва фольклорига қизиқиш қандай?
Бу борада ҳам қувонарли мисоллар кўп. Учрашувда Жонбук университети докторанти, “Турон” ўзбек миллий-этник фольклор ансамбли раҳбари Нуриддин Бозоров ҳам ўз фикр ва таклифларини билдирди.
Унинг таъкидлашича, бугунги кунда ансамблда нафақат ўзбекистонлик, балки кореялик ёшлар ҳам фаол иштирок этиб, ўзбек миллий мусиқаси ва мақом намуналарини катта қизиқиш ва маҳорат билан ижро этмоқда.
Бу, албатта, миллий санъатимизнинг бошқа халқлар томонидан ҳам қизиқиш билан қабул қилинаётганидан далолат беради.
Нуриддин Бозоров Жанубий Кореяда ўзбек диаспораси кўп истиқомат қиладиган ҳудудлардан бирида Ўзбек маданияти марказини ташкил этиш таклифини ҳам билдирди.
Ёшлар томонидан яна қандай ташаббуслар илгари сурилди?
– Баексеок университети магистранти, маданий туризм йўналиши мутахассиси Диловар Тожибоева ҳам ўзбек халқи маданияти ва санъатини кенг тарғиб қилишга хизмат қиладиган Ўзбек–Корея маданияти ва санъати жамиятини ташкил этиш таклифини билдирди.
Умуман, учрашув давомида ёшларнинг кўплаб фикр, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Энг муҳими, уларнинг ташаббуслари билан қизиқиш ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёрлик намоён бўлди.
Тадбир Кореяда истиқомат қилаётган ўзбек ва корейс ёшларидан ташкил топган “Турон” фольклор ансамблининг чиқиши билан якунланди.
– Сиз кўп йиллардан буён мусиқа таълими соҳасида фаолият юритасиз. Мутахассис сифатида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги санъат таълими бўйича ҳамкорликнинг истиқболини қандай кўрасиз?
– Менимча, бу борада имкониятлар жуда катта. Айниқса, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар, маҳорат дарслари, стажировкалар ва қўшма ижодий лойиҳаларни кўпайтириш муҳим.
Мусиқа, актёрлик, хореография, мусиқа терапияси каби йўналишларда Корея тажрибаси билан танишиш ўзбекистонлик ёш мутахассислар учун катта мактаб бўлиши мумкин.
Ўз навбатида, биз ҳам ўзбек миллий мусиқаси, мақом санъати, фольклори ва бой маданий меросимизни кореялик ёшлар ва мутахассисларга янада кенгроқ танитишимиз зарур.
– Демак, бугунги маданий ҳамкорликни фақат маданият кунлари ёки концертлар билан изоҳлаб бўлмайди, шундайми?
- Албатта. Бугунги ҳамкорлик анча кенг тушунчага айланмоқда. Жанубий Кореяда ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунлари бунинг яққол мисоли.
Бу тадбирлар нафақат концерт ва томоша дастурларидан, балки таълим, илм-фан, санъат, ёшлар билан мулоқот ва маданий дипломатия йўналишларини қамраб олган кенг миқёсли мулоқот майдонидан иборат бўлмоқда.
Олий таълим муассасалари ўртасида меморандумларнинг имзоланиши, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви бўйича келишувларга эришилиши, хорижда таҳсил олаётган иқтидорли ёшлар билан бевосита мулоқотларнинг йўлга қўйилиши — буларнинг барчаси маданий муносабатлар янги мазмун касб этаётганини кўрсатади.
— Суҳбатимиз сўнгида, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги маданий муносабатларнинг келажаги ҳақида қандай фикр билдирасиз?
— Энг аввало, бу муносабатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва дўстликка таянмоқда. Бугунги ҳамкорлик фақат маданият намойишлари билан чекланиб қолмасдан, икки давлатнинг таълим муассасалари, ижодкорлари, олимлари ва ёшларини боғлайдиган мустаҳкам кўприкка айланмоқда.
Бундай учрашувлар миллий санъатимизни халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва ўзаро манфаатли янги лойиҳаларни амалга ошириш учун муҳим имкониятлар яратади.
Ишонаманки, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик изчил давом этади. Бу жараён нафақат икки мамлакат маданияти ва санъатини янада яқинлаштиради, балки халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни ҳам мустаҳкамлайди.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.