Хитойда пиротехника заводи портлади
Хитой Халқ Республикаси Хунань вилоятида жойлашган пиротехника корхонасида кучли портлаш содир бўлди. Давлат оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, ҳодиса оқибатида 21 нафар инсон ҳалок бўлган, 61 киши жароҳат олган. Фожеа Лиюян шаҳридаги “Huasheng Fireworks” заводида маҳаллий вақт билан соат 16:40 атрофида юз берган.
Қутқарув хизмати мажмуа атрофидаги 3 километр ҳудудда тўлиқ эвакуация амалиётини ўтказди. Қарийб 500 мутахассис жалб этилиб, вайрона остида қолганларни аниқлаш учун роботлардан ҳам фойдаланилди. Ҳудуддаги икки порох омбори юқори хавф манбаи сифатида баҳоланган.

Ҳодиса сабабини ўрганиш давомида корхона масъул шахсига нисбатан “назорат чораси” қўлланган. Маҳаллий аҳоли портлаш кучли бўлганини айтиб, яқин жойлашган уйлар ойна ва эшиклари сингани, металл қурилмалар шикастланганига урғу берган.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин барча кучларни қутқарув ишига сафарбар этиш, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва ҳодиса сабабини чуқур текшириб, айбдорларни жавобгарликка тортиш бўйича кўрсатма берди. Лиюян дунёдаги йирик пиротехника ишлаб чиқариш марказларидан бири сифатида танилган.
Мусулмон Зиё,
ЎзА