Трамп Ҳурмуз бўғозидаги амалиётни тўхтатди, Вашингтон ва Теҳрон келишувга яқинлашмоқда
АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳурмуз бўғози орқали кемалар ҳаракатини таъминлаш учун бошланган “Project Freedom” амалиёти вақтинча тўхтатилишини маълум қилди. Мазкур қарор Эрон билан музокарада “сезиларли силжиш” кузатилгани ортидан қабул қилинган.
Унинг айтишича, операция “ўзаро келишув” асосида тўхтатилган, жараёнда Покистон воситачи вазифасини бажарган. Шу билан бирга Америка Эрон портларига нисбатан жорий этган денгиз қамали амалда қолиши билдирилди.
Навбатдаги қарор Вашингтонда янграган сўнгги кескин баёнотлар даврига тўғри келди. Давлат котиби Марко Рубио аввалроқ Эронга қарши “Operation Epic Fury” ҳаракати туфайли мақсадга эришилганини айтган эди. Бинобарин, АҚШ расмийлари Ҳурмуз бўғозида халқаро денгиз ҳаракатини тиклаш қатъий давом эттирилишини таъкидлаб келмоқда.
Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазият эса ҳамон ноаниқ. Сўнгги кунларда тижорат кемаларига ҳужум кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалди, Бирлашган Араб Амирликлари Эрон дрон ва ракеталарига қарши ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишга туширилганини маълум қилди. Теҳрон эса бу айбловларни рад этмоқда.
Мусулмон Зиё,
ЎзА