Халқаро ҳамкорликнинг янги босқичи
Қадимий ва навқирон Бухоро шаҳри яна бир нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилди. Бухоро давлат техника университетида “Глобал рақобатбардошлик учун Ўзбекистон – Туркия олий таълим ҳамкорлигини ривожлантириш” мавзусида Тўртинчи Ўзбекистон – Туркия ректорлар форуми юқори савияда ташкил этилди. Мазкур форум икки давлат ўртасидаги таълим, илм-фан ва инновациялар соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, университетлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда халқаро академик интеграцияни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим майдон сифатида аҳамият касб этди.
Анжуманда Ўзбекистон ва Туркиянинг 60 га яқин олий таълим муассасалари раҳбарлари, ректорлар, проректорлар, профессор-ўқитувчилар, олимлар ва халқаро экспертлар иштирок этишиб, замонавий таълим тизимидаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашдилар. Форум доирасида олий таълим соҳасидаги ислоҳотлар, глобал рақобат муҳитида университетлар нуфузини ошириш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини кучайтириш ва инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-29552]
Форумнинг расмий очилиш маросимида Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Бахтиёр Адилов, Туркия Республикаси Олий таълим кенгаши аъзоси Эрол Арчаклиоғлу ва бошқалар иштирок этиб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Нутқларда таълим соҳасидаги ҳамкорлик нафақат кадрлар тайёрлаш, балки инновацион иқтисодиётни ривожлантириш ва ёшларни халқаро стандартлар асосида билимли мутахассис этиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шундан сўнг форум доирасида пленар сессиялар ташкил қилиниб, унда университетлар раҳбарлари ўз маърузалари билан қатнашдилар. Маърузаларда рақамли трансформация, сунъий интеллект технологиялари, муҳандислик таълими, “яшил иқтисодиёт”, илмий-тадқиқот лойиҳалари ҳамда халқаро рейтингларда университетлар ўрнини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Форумнинг энг муҳим йўналишларидан бири Ўзбекистон ва Туркия университетлари ўртасида амалга оширилаётган муваффақиятли ҳамкорлик лойиҳалари тақдимоти бўлди. Хусусан, қўшма таълим дастурлари, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, икки дипломли таълим тизими, қўшма илмий тадқиқотлар ҳамда инновацион стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича истиқболли ташаббуслар муҳокама қилинди.
Тадбир давомида қатор университетлар ўртасида ҳамкорлик меморандумлари ва шартномалар имзоланиб, бу икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди. Ушбу келишувлар келгусида қўшма факультетлар ташкил этиш, халқаро лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш ва талабалар учун кенг академик имкониятлар яратишга замин бўлади.
Мазкур нуфузли форум Бухоронинг нафақат тарихий ва маданий марказ, балки халқаро таълим ва илм-фан мулоқоти майдони сифатидаги нуфузини янада оширади. Шу билан бирга, анжуман Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстона муносабатлар, стратегик шериклик ва академик ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қиладиган муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари