Мактабгача ва мактаб таълими вазири депутатларнинг саволларига жавоб берди (+видео)
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси ташаббуси билан навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда мактаб таълими сифати, инклюзив муҳитни ривожлантириш ва педагогларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур масала юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова депутатларнинг саволларига жавоб берди.
Вазир ўз ахборотида ўтган олти йилда мамлакатимизда 14 та Президент мактаби, 9 та ижод ҳамда 203 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилганини айтиб ўтди. Бугунги кунда 3 минг 434 та мактабда янги баҳолаш тизими жорий қилинган бўлиб, келгуси ўқув йилидан бошлаб ушбу кўрсаткични 4 минг 500 тага етказиш режалаштирилган.
Мазкур мактабларда ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари 53 фоиздан 72 фоизгача ошган. Янги баҳолаш тизими жорий қилинган мактаблар орасида юқори натижаларга эришган 275 та мактабнинг барча педагогларига 40 фоизгача устама тўланмоқда.
Қайд этилганидек, хорижий тил сертификатига эга ўқувчилар сони 40 минг нафардан ошган. Шунингдек, таълим тизимига АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Жанубий Корея ва Хитойдан 1 минг 456 нафар хорижлик мутахассис жалб қилинган. Ҳозирги кунда 310 минг нафар педагог малака тоифасига эга.
“Ҳукумат соати”да инклюзив таълимни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда 2 минг 365 та мактабда инклюзив синфлар ташкил этилган. 6 мингга яқин бола қамраб олинган. 651 та мактабда “тўсиқсиз муҳит” яратилган, 1 минг 404 та бинога махсус пандуслар ўрнатилган, 115 та мактабда брайл алифбосидаги тугмали лифтлар жорий қилинган. Сўнгги беш йилда 7 мингдан ортиқ педагог инклюзив таълим бўйича малака оширган.
Муҳокамалар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида ҳам ахборот берилди. Қайд этилганидек, ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг 387 минг нафар фарзанди мактабгача таълим билан қамраб олинган. Камбағал оилалар фарзандларининг нодавлат боғчалар учун тўловларининг 40 фоизи давлат томонидан қоплаб берилмоқда. Бугунги кунда 125 минг нафардан зиёд ўқувчилар IT, хорижий тиллар ва касб-ҳунар тўгаракларига жалб қилинган бўлиб, улар харажатларининг 80 фоизи давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилмоқда.
Сўнгги йилларда педагогларни қўллаб-қувватлаш, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига чек қўйиш масалаларига алоҳида эътибор билан ёндашилмоқда. 15 йиллик стаж ва олий малака тоифасига эга педагоглар учун ипотека кредитларининг бошланғич тўловининг 25 фоизини давлат томонидан қоплаш тартиби жорий этилган. “Йил ўқитувчиси” ва “Касбий маҳорат етакчиси” танловлари ғолибларига 525 миллион сўмгача мукофот пули ажратилиши ҳам педагогларни рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ҳукумат соати” муҳокамаларида бир қатор саволлар кўтарилди ва тегишли жавоблар қайтарилди. Сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ҳам соҳадаги долзарб масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф-тавсияларини билдирди. Таълим сифатини янада ошириш, педагогларни рағбатлантириш ва инклюзив муҳитни ривожлантириш, чекка ҳудудлардаги кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш, мактабларда касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўқитишни кенгайтиришга доир қатор таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4RRy8Fqab8w" title="Maktabgacha va maktab ta’limi vaziri deputatlarning savollariga javob berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Дониёр Ёқубов, Искандар Исматов (видео), ЎзА