74 ёшли наманганлик онахон ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлди
Илм, касбу ҳунарга интилиш учун инсоннинг ёши муҳим эмас.
Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани, Ширинбулоқ маҳалласида истиқомат қилувчи 74 ёшли Зоҳида ая Каримова Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Тўрақўрғон туман ўқув спорт-техника марказида таълим олиб, назарий ва амалий имтиҳонларни биринчи уринишда муваффақиятли топширди.
Кекса онахон ҳайдовчиликни "Onix" автомобилида ўрганиб, амалий синовни эса "Cobalt" автомашинасида топширди. Унинг бу натижаси ёш эмас, интилиш ва ироданинг аҳамияти муҳим эканини яна бир бор намоён қилди.
Дарҳақиқат, инсон астойдил интилса, янги марраларни забт этиш учун ҳеч қачон кеч эмас.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА