Олим хотирасига эҳтиром кўрсатилди
Халқимизда "Яхшидан боғ қолади" деган мақол бежиз айтилмаган. Дарҳақиқат, ўзидан қолдирган бой илмий-маънавий меъроси билан мангуликка муҳрланган умрлар етарлича. Хотира эса ана шундай улуғларни қадрлашга ундовчи гўзал қадрият.
Шу мақсадда, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида атоқли тилшунос олим, профессор Ёрмат Тожиевнинг бой илмий меросини асраш ва уни ёш авлодга етказишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирнинг кульминацияси олимнинг шахсий кутубхонаси унинг фарзандлари томонидан университет фондига тантанали равишда тақдим этилгани бўлди.
Фонд таркибидан қарийб 2000 га яқин китоб, илмий манба, нодир нашрлар, луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари ўрин олган бўлиб, мазкур адабиётлар орасида ўзбек тилшунослиги, нутқ маданияти, услубият, морфология, тил назарияси ва психолингвистика йўналишларига оид муҳим илмий манбалар алоҳида аҳамият касб этади.
“Ёрмат Тожиев фонди”нинг университетга тақдим этилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда университет ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов, марҳум олимнинг шогирдлари бўлган профессор-ўқитувчилар, илмий жамоатчилик вакиллари ҳамда олимнинг фарзандлари иштирок этди.

Тадбир давомида Ёрмат Тожиевнинг ўзбек тилшунослиги ривожига қўшган муносиб ҳиссаси, унинг кўп йиллик илмий-педагогик фаолияти ва устозлик мактаби ҳақида алоҳида сўз юритилди.
Таъкидлаш жоизки, профессор Ёрмат Тожиев ўзбек тилшунослиги соҳасида йирик илмий мактаб яратган олимлардан бири сифатида эътироф этилади. У узоқ йиллар давомида Тошкент давлат университети - ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида фаолият юритиб, ўзбек тилининг морфемикаси, нутқ маданияти, услубият ва тил назариясига оид кўплаб фундаментал тадқиқотларни амалга оширган. Олим “Ўзбек тили морфемикаси”, “Нутқ маданияти”, “Ўзбек нутқи маданияти ва услубият асослари” каби илмий ва ўқув адабиётлари орқали тилшунослик ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Устоз олимнинг илмий раҳбарлигида ўнлаб тадқиқотчилар номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилган.
Сўзга чиққанлар Ёрмат Тожиевнинг нафақат кучли олим, балки талабчан ва самимий устоз бўлгани, илмга фидойилик билан хизмат қилганини алоҳида таъкидлади. Тадбирда олим билан боғлиқ илиқ хотиралар ҳам ёдга олинди.
Тадбир якунида университет жамоаси томонидан Ёрмат Тожиев оиласига миннатдорлик билдирилди ҳамда ушбу ташаббус илм-фан давомийлигини таъминлаш, устозлар хотирасини улуғлаш ва ёшларни илмга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шербек Исломов, ЎзА