Фарғонада иқтидорли ёшлар беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган “Ёшлар овози” танловининг вилоят босқичи кўтаринки руҳ ва юқори савияда ўтказилди.
Мазкур танлов ёшларнинг санъат ва ижодга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ҳамда янги истеъдод соҳибларини кашф этишга хизмат қилмоқда.
Қайд этилганидек, танловнинг маҳалла босқичларида вилоят бўйлаб 40 минг нафардан ортиқ ўғил-қиз фаол иштирок этди. Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган 200 нафардан зиёд иқтидорли иштирокчи эса вилоят босқичида ўзаро беллашиб, ўз маҳоратини намоён қилди.
[gallery-29445]
Иштирокчилар анъанавий ижро, бахшичилик, эстрада ва опера йўналишларида чиқиш қилиб, кучли овоз, саҳна маданияти ва ижодий салоҳияти билан ҳакамлар ҳайъати ҳамда томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.
Танлов жараёнида миллий санъатимизнинг ноёб намуналари, ёшларнинг замонавий ижодга янгича ёндашуви ва юксак истеъдоди яққол намоён бўлди.
Якунда ҳакамлар ҳайъати томонидан энг муносиб иштирокчилар ғолиб деб топилди. Улар “Ёшлар овози” танловининг республика босқичида Фарғона вилояти шарафини ҳимоя қилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА