Таълим ислоҳотлари Сирдарёда жадаллашмоқда
Сирдарё вилоятида таълим тизимини модернизация қилиш, дарс сифатини ошириш ва ўқув жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар изчил суръат олмоқда.
Бугунги кунда айниқса хорижий тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштириш масаласи таълим ислоҳотларининг устувор йўналишларидан бири сифатида намоён бўлмоқда.
Гулистон шаҳридаги Сирдарё вилояти Ёшлар марказида ўтказилган муҳокама тадбири ҳам айнан шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини таҳлил қилиш, мавжуд ютуқларни мустаҳкамлаш ва келгуси вазифаларни белгилашга қаратилди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги вакиллари, Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбари Наргиза Холбоева, соҳа мутасаддилари ҳамда педагоглар иштирок этишди. Муҳокама давомида таълим сифатини ошириш, ўқув жараёнларини замонавий педагогик ёндашувлар асосида ташкил этиш ва рақамли технологияларни самарали жорий қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, мазкур ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 майдаги 312-сон ҳамда 2022 йил 19 январдаги 34-сон қарорлари ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатларда умумий ўрта таълим муассасаларида хорижий тилларни ўқитиш тизимини такомиллаштириш ва таълим жараёнига замонавий АКТ ни кенг жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланган.
Сирдарё вилоятида бу борада тизимли ёндашув йўлга қўйилган. Хусусан, таълим муассасаларини замонавий ўқув-услубий адабиётлар, техник воситалар ва ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан ҳар йили камида 1 миллиард сўм маблағ ажратиб келинмоқда. Мазкур маблағлар махсус ғазначилик ҳисобварақларида жамланиб, манзилли дастурлар асосида самарали йўналтирилмоқда.
Бошқарма раҳбари Наргиза Холбоева айтишича, амалий ишлар натижасида мактаблар босқичма-босқич интерактив доска ва замонавий ўқитиш воситалари билан таъминланмоқда. Жумладан, 2021 йилда 30 та, 2022 йилда 40 та, 2023 йилда 40 та, 2024 йилда 51 та мактаб ушбу жиҳозлар билан таъминланган бўлса, 2025 йилда 50 та, 2026 йилда яна 50 та мактабни қамраб олиш режалаштирилган.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай янгиланишлар дарс жараёнини тубдан ўзгартириб, ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқишини оширишга, хорижий тилларни ўқитишда амалий кўникмаларни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, таълим муҳити замонавий талаблар асосида шаклланиб, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда.
[gallery-29455]
Тадбир якунида 2025–2026 йилларга мўлжалланган манзилли дастур доирасида 50 та умумтаълим мактаби Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан 1 миллиард сўмлик манзилли лойиҳа сертификатлари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА