Марказий Осиё янги геосиёсий босқичга чиқмоқда
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида “Марказий Осиё: минтақавий ривожланишнинг янги парадигмаси” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур олий таълим маскани ҳузуридаги Дипломатик академия ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси идораси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда қўшни давлатлар ва Озарбайжон дипломатик академиялари, БМТ Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази, Финляндия халқаро муносабатлар институти, дипломатик корпус вакиллари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда нуфузли экспертлар иштирок этди.
Анжуманда Марказий Осиё бугун сифат жиҳатидан мутлақо янги тараққиёт босқичига қадам қўйгани таъкидланди. Энди минтақа нафақат умумий кун тартибини шакллантира оладиган мустақил геосиёсий субъект, балки глобал жараёнга таъсир ўтказа оладиган кучли ҳудуд сифатида намоён бўлаётгани эътироф этилди.
БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, марказ раҳбари Каха Имнадзе онлайн мурожаатида минтақада ўзаро ишонч ва мулоқот муҳити мустаҳкамланаётганини юқори баҳолади. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари Сердар Чам ва бошқалар сўзга чиқди.
Мамлакатимиз ташаббуси билан ўтказиб келинаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақада сиёсий ишончни кучайтириш ва умумий ёндашув шакллантиришда муҳим механизмга айлангани таъкидланди.
Замонавий хавфсизлик масаласи энди фақат ҳарбий ёки сиёсий омиллар билан чекланмаслиги қайд этилиб, иқлим ўзгариши, сув ресурслари, энергетика барқарорлиги, кибернетика таҳдиди ва гуманитар барқарорлик йўналишлари ҳам умумий хавфсизлик манзарасининг ажралмас қисми сифатида баҳоланди.
Қатнашчилар транспорт боғлиқлиги, янги логистика йўлаклари, энергетика ҳамкорлиги ва Марказий Осиёнинг Евросиё маконидаги стратегик аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Экспертлар фикрича, гуманитар алмашинув, академик мобиллик ва илмий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш узоқ муддатли минтақавий барқарорликнинг муҳим омилларидир.
Шу нуқтаи назардан Марказий Осиёда шаклланаётган янги ҳамкорлик муҳити минтақа келажагини белгилайдиган муҳим сиёсий ва интеллектуал пойдеворга айланаётгани якдил тасдиқланди.
Мусулмон Зиё, ЎзА