Фарғонада 80 фоиз пахта машинада терилади
Бағдод туманидаги "А.Мадаминов" фермер хўжалигида пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш ҳамда 2027 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари экиш тизимли ташкил қилинди.
Фермер хўжалигининг умумий ер майдони 232 гектар бўлиб, шундан 120 гектарида пахта етиштирилмоқда. 64 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган. Шунингдек, хўжаликда сув ҳавзасидан самарали фойдаланган ҳолда балиқчилик йўлга қўйилиб, қуёш панелларидан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланилмоқда. Тўқсонбости усулида экин экиш борасида ҳам ўзига хос тажриба шаклланган. Айни кунларда ғаллани томчилатиб суғориш асосида парваришлаш тажрибаси синовдан ўтказилмоқда.

Шунингдек, фермер хўжалигининг пахта майдонида олиб борилаётган дефолиация ишлари давом этяпти.
Фермер Абдумуталиб Мадаминов жорий йилда пахта ҳосилдорлигини гектаридан 80 центнерга етказишни мақсад қилган. Бунинг учун ҳатто фермер хўжалигидаги майдонлар йириклаштирилди.


Умуман 2026 йилги пахта йиғим-терими мавсумида Фарғона вилоятида 300 та пахта териш машинасидан фойдаланиш режалаштирилган бўлиб, улар ёрдамида пахта майдонларининг 80 фоизидаги ҳосилни йиғиб олиш кўзда тутилган.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров фермер хўжалигида бўлиб, барчани мустақилликнинг 35 йиллиги байрами билан табриклади. Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида илм-фан ютуқлари, замонавий агротехнологиялар, сув тежовчи усуллар ва механизация имкониятларининг кенг жорий этилиши юқори натижаларга эришишда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.
Бундай тажрибаларни кенг оммалаштириш, фермер ва мутахассислар ўртасида билим ва малака алмашиш янгича ёндашувларни амалиётга татбиқ этишга хизмат қилиши қайд этилди.
Бугун фермер хўжалигининг хайдовдан чиққан очиқ майдонларида 2027 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш ишлари бошланди.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА