Эски маҳаллалар ўрнида замонавий ҳудудлар барпо этилади
Ўзбекистонда шаҳарсозлик соҳасини замон талаблари асосида ривожлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. 2026 йил 10 июнда қабул қилинган “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги Қонун шаҳар ва аҳоли пунктларида эскирган биноларни янгилаш, муҳандислик инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда аҳоли учун қулай яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда шаҳарлар аҳолиси сонининг ортиши, уй-жойларга бўлган талабнинг кучайиши ва айрим ҳудудлардаги биноларнинг маънан ҳамда жисмонан эскириши реновация жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш заруратини юзага келтирган эди. Янги қонун айнан шу эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилди.
Қонунга мувофиқ, турар ва нотурар биноларнинг эскиргани, авария ҳолатига келиб қолгани ёки фойдаланиш учун яроқсиз деб топилиши реновация ишларини бошлаш учун асос бўлади. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳаётига салбий таъсир кўрсатаётган ҳолатлар ҳам реновация дастурларини амалга ошириш учун муҳим омил сифатида белгиланган.
Мазкур қонуннинг аҳамиятли жиҳатларидан бири шундаки, реновация фақат биноларни бузиш билан чекланиб қолмайди. У ҳудудларни комплекс равишда ривожлантиришни назарда тутади. Яъни эски объектларни реконструкция қилиш, улар ўрнида замонавий бинолар қуриш, шунингдек яшил ҳудудлар, боғлар ва жамоатчилик масканларини ташкил этиш ҳам реновациянинг муҳим қисми ҳисобланади.
Соҳа ходимларининг қайд этишича, реновация дастурлари амалга оширилиши натижасида шаҳарларнинг архитектуравий қиёфаси яхшиланади, муҳандислик-коммуникация тармоқлари янгиланади ва аҳоли учун хавфсиз яшаш шароитлари яратилади. Бу эса шаҳарларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш билан бирга иқтисодий фаолликка ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Шу билан бирга, реновация жараёнларида фуқароларнинг мулкий ҳуқуқларини таъминлаш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этади. Қонунда давлат органлари, мулкдорлар ва инвесторлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу эса лойиҳаларнинг очиқлик ва қонунийлик тамойиллари асосида амалга оширилишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Мазкур қонун шаҳарсозлик соҳасида янги босқични бошлаб бериши мумкин. Чунки реновация нафақат эски биноларни янгилаш, балки шаҳар муҳитини замонавий талаблар асосида қайта шакллантириш, аҳоли турмуш сифатини ошириш ва ҳудудларнинг барқарор ривожланишини таъминлашнинг муҳим воситаси ҳисобланади.
Бир сўз билан айтганда “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги Қонун мамлакат шаҳарларини янада замонавий, хавфсиз ва қулай ҳудудларга айлантиришга қаратилган муҳим ҳуқуқий қадам бўлди. Эндиликда реновация жараёнларининг аниқ ҳуқуқий асослари яратилгани шаҳарларни комплекс ривожлантириш ва аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бу эса келгусида шаҳарлар қиёфасининг тубдан янгиланишига замин яратади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА