Ўзбекистон "IFTM Top Resa 2026" кўргазмасининг ҳамкор мамлакати бўлади
Франциянинг Париж шаҳрида 2026 йил 15–17 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган "IFTM Top Resa" халқаро туризм кўргазмасида Ўзбекистон “Ҳамкор мамлакат” (Country of Honour) сифатида иштирок этади.
Шу муносабат билан Франциядаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасида махсус матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбир “Сайёҳат қадрияти! Биргаликда таъсир яратувчи омилларни кашф этамиз” шиори остида ўтказилди.

Матбуот анжуманида Франция ва дунёнинг етакчи оммавий ахборот воситалари, шунингдек халқаро компаниялар вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раҳбарияти, IFTM ташкилотчилари ҳамда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси вакиллари ҳам тадбирда қатнашди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, хусусан, Марказий Осиёнинг энг жадал ривожланаётган туризм йўналишларидан бири сифатидаги ўрни алоҳида таъкидланди.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда Франциядан Ўзбекистонга қарийб 29,6 минг нафар сайёҳ ташриф буюрган. 2026 йилнинг дастлабки беш ойида эса ушбу кўрсаткич 1,3 баробарга ошиб, тахминан 15 минг нафарга етган.
Тадбирда қайд этилишича, "IFTM Top Resa 2026" кўргазмасида иштирок этиш Ўзбекистонга нафақат Буюк Ипак йўли шаҳарларини, балки замонавий инфратузилма, янги туризм маҳсулотлари ва халқаро лойиҳаларни ҳам кенг намойиш этиш имконини беради.

Кўргазма доирасида иқтисодий ва ҳудудий қадриятлар, инсон капитали ҳамда барқарор ривожланиш масалаларини қамраб олган асосий йўналишлар тақдим этилади. Жорий йилда тадбирга ташриф буюрувчилар сони 10–15 фоизга ошиши кутилмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, IFTM Top Resa — туризм ва сайёҳлик соҳасидаги энг йирик халқаро кўргазмалардан бири бўлиб, Ўзбекистон унда 2012 йилдан буён мунтазам иштирок этиб келмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА