Ўзбекистонда 172 минг гектар интенсив мева боғи барпо этилади
Мамлакатимизда интенсив мевачиликни ривожлантириш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳужжат қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилги “Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2026–2028 йилларда мамлакат бўйлаб 172 минг гектар саноатлашган мева боғлари барпо этиш вазифаси белгиланди.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 июлдан бошлаб эскирган боғларни яроқсиз деб топиш, улар ўрнида саноатлашган боғлар ташкил этиш ёки ерларни ҳайдаладиган ерлар тоифасига ўтказиш бўйича хулоса бериш ваколати Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ҳам берилади.
Шунингдек, агентлик томонидан хулоса берилган санадан бошлаб 12 ой давомида янги боғ ёки токзор барпо этилмаган тақдирда, мазкур майдонлар учун ер солиғи ва сувдан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари уч бараварга оширилади. Агар 24 ой мобайнида ҳам янги боғлар ташкил этилмаса, ушбу ҳудудларда сув олиш тақиқланади.
Фармонда боғдорчилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари ҳам назарда тутилган. Хусусан, тижорат банклари орқали ҳар бир гектар учун 120 миллион сўмгача бўлган кредитлар 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан ва йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади.
Бундан ташқари, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан мева-сабзавотчилик соҳаси учун ажратиладиган кредитлар бўйича ҳам йиллик 14 фоизлик ставка белгиланмоқда.
Яна бир муҳим янгилик сифатида, хорижий давлатлардан “in-vitro” усулида етиштирилган ва сертификатланган мева кўчатларини импорт қилиш учун тадбиркорларга ҳар бир кўчат учун 5 АҚШ долларигача эквивалентда кредит ажратиш тартиби жорий этилади. Бундай кредитлар 18 ойгача муддатга миллий валютада ва йиллик 14 фоиз ставкада берилади.
Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур чора-тадбирлар мамлакатда юқори ҳосилдор ва экспортбоп интенсив боғлар майдонини кенгайтириш, соҳага инвестицияларни жалб қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА