Балиқчиликда имкониятлардан самарали фойдаланиш асосий вазифа
Халқимизда “Балиқ – кўлнинг гўшти, соғлиқнинг дўсти”, деган пурмаъно мақол бор. Дарҳақиқат, балиқ гўшти инсон саломатлиги ва узоқ умр кўриши учун энг фойдали маҳсулотлардан саналади. Шу боис, аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган кундалик эҳтиёжини қондириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг марказида турибди. Юртимизда балиқчилик хўжаликларини қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётган бўлса-да, соҳада ҳали ишга солинмаган катта резервлар мавжуд.
Президентимизнинг 2026 йил 2 июлдаги “Балиқчилик тармоғини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Қуйи Чирчиқ туманида балиқчилик хўжаликларини сув билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда соҳада замонавий ёндашувларни жорий этиш масалаларига бағишланган семинар-йиғилиш ўтказилди.
Унда Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев иштирок этиб, Фармонда белгиланган устувор вазифалар, жумладан, балиқчилик тармоғини жадал ривожлантириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежамкор технологияларни кенг жорий этиш ва соҳанинг иқтисодий самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан тушунтиришлар берди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда Тошкент вилоятида 580 та балиқчилик йўналишидаги фермер хўжалиги фаолият юритмоқда. Семинарда уларнинг 300 дан ортиқ вакили иштирок этди.

Мулоқот давомида балиқчилик хўжаликларини сув билан таъминлашда, энг аввало, аниқ ҳисоб-китоб ва шаффофликни таъминлаш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, ҳар бир хўжаликнинг сувга бўлган ҳақиқий эҳтиёжини аниқлаш, сув олиш ҳажмини шу асосда белгилаш, етказиб берилган сув миқдорини ҳисобга олиш ва ушбу жараёнларни тизимли назорат қилиш бўйича амалий вазифалар белгилаб олинди.
Сувдан фойдаланиш жараёнларини рақамлаштириш масаласи ҳам муҳокамалар марказида бўлди. Жумладан, шартномаларни электрон шаклда расмийлаштириш, замонавий сув ўлчаш воситаларини ўрнатиш, сув олиш ва етказиб бериш жараёнларини рақамли тизим орқали назорат қилиш бўйича таклифлар билдирилди. Бу каби ёндашувлар, бир томондан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминласа, иккинчи томондан, сув етказиб беришдаги шаффофликни ошириш, ортиқча сарф-харажатларнинг олдини олиш ва хўжаликлар учун аниқ ҳисоб-китоб тизимини шакллантиришга хизмат қилади.

Семинарда сунъий сув ҳавзаларида интенсив усулда балиқ етиштиришни кенгайтириш, мавжуд сув ресурсларидан бир неча босқичда самарали фойдаланиш ҳамда балиқчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, фермер хўжаликлари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, сув билан таъминлаш, сув олиш ҳажмларини белгилаш, ҳисоб-китобларни юритиш ва замонавий сув ўлчаш воситаларидан фойдаланиш бўйича фикр ва таклифларини билдирди.

Якунда балиқчилик хўжаликларининг сув таъминоти билан боғлиқ ҳисоб-китобларни хатловдан ўтказиш, электрон шартномаларни расмийлаштириш, замонавий сув ўлчаш воситаларини жорий этиш ва назорат тизимини такомиллаштириш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилди.
А.Мусаев, ЎзА