Тошкентдан ҳаракатланган янги тезюрар электропоезд 4 соату 15 дақиқада Андижонга етиб келди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Хабар қилинганидек, мамлакатимиз аҳолиси ва хорижлик сайёҳларга темир йўл транспортида кўрсатилаётган хизматлар сифатини янги босқичга олиб чиқиш, ҳудудлараро қулай, хавфсиз ва замонавий транспорт хизматларини кенгайтириш мақсадида “Тошкент – Андижон – Тошкент” йўналишида замонавий тезюрар “CRRC-Dalian” электропоезди қатнови йўлга қўйилди.
Бугун, соат 09:20 да Тошкент марказий темир йўл вокзалидан 730-сонли янги электропоезд “Тошкент – Андижон” йўналишида илк қатновини амалга оширди.
Ангрен, Поп, Қўқон ва Марғилон бекатлари орқали ҳаракатланган электропоезд соат 13:35 да Андижон шаҳрига етиб келди.
Янги поездни Андижон вокзалида нуронийлар, ёшлар ҳамда жамоатчилик вакиллари тантанали кутиб олди.
[gallery-31355]
Замонавий электропоезд 4 та вагондан иборат бўлиб, жами 357 нафар йўловчига мўлжалланган. Илгари мазкур йўналишда поезд сафари 6-7 соатгача давом этган бўлса, эндиликда Тошкентдан Андижонгача бўлган масофани 4 соат 15 дақиқада босиб ўтиш имкони яратилди.
Мазкур қатновнинг йўлга қўйилиши пойтахт ва водий ҳудудлари ўртасидаги транспорт алоқаларини янада ривожлантириш, йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва қулайлигини оширишга хизмат қилади.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА