Энди уй учун тўланган пуллар қурувчида эмас, банкларда сақланади
Бугун мамлакатимизда бунёдкорлик кўлами кенгайиб, кўп қаватли уйлар қурилиши кўпайиб бормоқда. Бу жараёнда эса қурилиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг сармояларини уй-жой қурилишига жалб этишда ишончли ҳимоя қилиш муҳим масалалардандир.
Амалиётда кўпгина уйлар қурилиш босқичида сотиляпти. Қурилиш босқичида уй сотиб олиш катта харажат бўлиши билан бирга, турли хавфлардан ҳам холи эмас. Баъзан бир хонадон бир нечта фуқарога сотилган ҳолатлар ҳам учрамоқда. Айрим қурилиш объектлари белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаяпти. Кўп квартирали уйларни ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинмаган. Шу боис баъзан фуқаролар уй-жой сотиб олиш жараёнида муаммоларга дуч келмоқда.
Бу борада давлат томонидан фуқароларнинг маблағларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, тегишли қоидаларни ўрнатиш ҳамда қурувчиларнинг мажбуриятларини белгилаш лозим бўлади. Шу мақсадда “Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламент қуйи палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларини улуш киритиш асосида қуриш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинмоқда. Унда улушли қурилиш муносабатлари иштирокчиларининг, давлат органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ваколатлари, ўзаро муносабатларига оид қоидалар аниқ белгиланмоқда. Хусусан, кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк объектларининг улуш киритиш асосида қурилишига жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилишга оид муҳим қоидалар назарда тутилмоқда.
Фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиниши механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, фуқароларнинг пул маблағлари тўғридан-тўғри қурувчи ихтиёрида эмас, балки банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағи орқали сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан кейин маблағлар қурувчига ўтказилади. Бу қурилишда кечикишларнинг олдини олиш ва аҳоли сармояларини ҳимоя қилишда муҳим.
Лойиҳага кўра, улушли қурилишга оид маълумотларнинг Ягона ахборот тизимида жойлаштирилиши таъминланади. Бу фуқароларга қурувчи, қурилиш объекти ва лойиҳанинг амалга оширилиши ҳақидаги муҳим маълумотлар билан очиқ танишиш имконини беради.

Қурувчи фақат Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган ва банк билан битим тузган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши шарт қилиб қўйиляпти. Улушли иштирок этиш шартномаси нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу бир объектнинг такроран сотилиши, ноқонуний шартномалар тузилиши каби ҳолатларнинг олдини олади.
Агар қурувчи қонун талабларини бузса, фуқаро ўз пулларини фоизлари билан қайтариб олиш ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Қурилиш тўхтаб қолмаслиги учун банк ёки қурувчини алмаштириш бўйича молиявий механизмлар яратилмоқда. Бу эса қурилиш тўхтаб қолишининг олдини олиш ва улушдорлар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Умуман, лойиҳадаги нормалар фуқароларнинг уй-жой қурилишига киритган маблағларини ишончли ҳуқуқий ва молиявий механизмлар орқали ҳимоя қилади, қурилиш ташкилотларининг масъулиятини оширади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА