Экологик ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда
Бугунги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амалга оширилаётган мазкур ислоҳотларда сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси ҳам фаол иштирок этиб, давлат ва жамият ўртасида самарали мулоқотни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда экологик маданиятни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Навоий вилояти партия ташкилотида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига бағишланган кенгайтирилган Кенгаш йиғилишида ҳам экологик сиёсатни ҳаётга татбиқ этиш, депутатлик фаолиятини такомиллаштириш, аҳолининг экологик онги ва маданиятини юксалтириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди.

Таъкидланганидек, маҳаллий Кенгашларда вилоят ва тўққизта туман-шаҳар депутатлик гуруҳи фаолият юритиб, сессиялар ва доимий комиссиялар йиғилишларида экологик ҳамда ижтимоий аҳамиятга эга долзарб масалалар муҳокама қилинди. Айниқса, “маҳалла еттилиги” билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши аҳоли мурожаатларини жойида ўрганиш ва уларга тезкор ечим топиш имконини бермоқда. Натижада депутатлар томонидан юборилган 42 та депутатлик сўровининг 31 таси ижобий ҳал этилди, қолган мурожаатлар юзасидан амалий ишлар давом эттирилмоқда.
– Бу каби натижалар жойларда очиқлик, масъулият ва жамоатчилик билан мулоқотнинг янги босқичга кўтарилганини кўрсатади, – дейди партиянинг вилоят Кенгаши раиси Алижон Жалилов. – Ўтган давр мобайнида экологик тарғибот ишларини кучайтириш ҳам партия фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлди. Йилнинг дастлабки олти ойида вилоят бўйлаб 309 та тарғибот тадбири ташкил қилиниб, уларда 10 мингдан ортиқ фуқаро иштирок этди. Давра суҳбатлари, семинарлар, ҳашарлар ва аҳоли билан учрашувлар орқали табиатга эҳтиёткор муносабат, чиқиндиларни тўғри бошқариш, сув ва ер ресурсларини асраш ҳамда экологик маданиятни юксалтиришга қаратилган ғоялар кенг тарғиб қилинди.
Ёшлар ва хотин-қизларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. “Кўнгил экологияси” расмлар танлови, “Тоза муҳит – соғлом келажак” плоггинг акцияси, “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” лойиҳаси, “Аёллар – экологик маданият тарғиботчиси” мавзусидаги семинарлар, “Экология ва саломатлик” аёллар клуби ҳамда “Ёш экологлар” қаноти томонидан ташкил этилган тадбирлар минглаб иштирокчиларни қамраб олди.

Жамоатчилик назорати ҳам изчил давом эттирилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахт кўчатларининг парвариши, суғорилиши ва сақланиши бўйича 35 дан ортиқ мониторинг ўтказилди. Шунингдек, автомобиль ювиш шохобчалари, оқова сувларни тозалаш иншоотлари, саноат корхоналари ҳамда экологик хавфи юқори ҳудудларда назорат тадбирлари ташкил этилди. Ҳисобот даврида вилоят бўйича жами 211 та экологик рейд ўтказилгани атроф-муҳит муҳофазасига қаратилган тизимли ёндашувнинг амалий самарасидир.
Кенгаш йиғилишида эришилган натижалар билан бир қаторда келгусидаги устувор вазифалар ҳам белгилаб олинди. Хусусан, аҳолининг экологик маданиятини янада юксалтириш, депутатлик назоратини кучайтириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси самарадорлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг экологик ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлаш ҳамда жамоатчилик назорати қамровини кенгайтириш устувор вазифалар сифатида белгиланди.
Бу саъй-ҳаракатлар инсон ва табиат манфаатлари уйғунлигини таъминлаш, келажак авлод учун соғлом ва мусаффо атроф-муҳитни сақлаб қолиш йўлидаги эзгу мақсадларга хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири