“Дўстлик” фестивали – аҳиллик ва ҳамжиҳатлик намунаси
Нурафшон шаҳри марказидаги Амфитеатрда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда 30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан “Дўстлик” фестивалининг вилоят босқичи тантанали тарзда ўтказилди.
“Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” ғояси остида ташкил этилган тадбирда Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан келган иштирокчилар, миллий маданий марказлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар, волонтёрлар, санъаткорлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Фестиваль “Мустақиллик марш юриши” билан бошланиб, унда миллий маданий марказлар вакиллари ҳамда ёшлар давлат байроқлари билан юриш қилиб, юртимиздаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ватанпарварлик ғояларини тараннум этди.

Амфитеатрда ўтказилган байрам дастурида миллий маданий марказларнинг қўшиқ ва рақс чиқишлари, адабий-бадиий композициялар, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик кўргазмалари, миллий таомлар тақдимотлари намойиш этилди. Турли миллат вакилларининг бой маданияти ва анъаналари бир саҳнада уйғунлашиб, мамлакатимизда қарор топган миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини яна бир бор ёрқин намоён этди.

Якунда “Энг яхши миллий маданият кўргазмаси”, “Энг яхши миллий мусиқа, ижро ва рақс санъати намойиши” ҳамда “Энг фаол миллий маданий марказ” номинациялари бўйича ғолиблар муносиб тақдирланди.

Мазкур фестиваль кунлари шаҳар ва туманларда “Дўстлик оҳанглари” концерт дастурлари, миллий маданий марказлар иштирокида бадиий чиқишлар, “Дўстлик нигоҳи” фотокўргазмалари, “Қардошлик мушоираси” ижодий учрашувлари, халқ амалий санъати ва ҳунармандчилик намуналари кўргазмалари, миллий таомлар тақдимотлари катта қизиқиш билан ўтказилди. Болалар ёзги оромгоҳларида “Дўстлик болаликдан бошланади” мавзусида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирлар эса ёш авлод қалбида ватанпарварлик, бағрикенглик ва миллатлараро ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ҳозир Тошкент вилоятида 31 та миллий маданий марказ рўйхатдан ўтган. Шундан 9 таси вилоят ташкилоти сифатида, қолганлари эса туман ва шаҳар бўлимлари шаклида фаолият юритмоқда. Миллий маданий марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Нурафшон шаҳридаги “ННТ ва Дўстлик уйи”да эса тожик, қозоқ, қирғиз, туркман, озарбайжон, корейс, уйғур ва рус миллий маданий марказларининг вилоят ташкилотлари учун алоҳида хизмат хоналари ажратилган.
А.Мусаев, ЎзА.