Дори воситалари рекламаси ва уларнинг ортидаги хавф-хатарлар
Аҳолида дори воситаларидан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш, ўзини ўзи даволашнинг олдини олиш ҳамда чалғитувчи реклама белгиларини фарқлаш кўникмаларини ривожлантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.
"Рекламага эмас, ҳақиқатга ишонинг!"
Айни мақсадда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази томонидан "Рекламага эмас, ҳақиқатга ишонинг!" шиори остида тарғибот ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ташаббус доирасида фуқароларга дори воситалари рекламасига оид амалдаги қонунчилик талаблари, рекламаларда учрайдиган манипулятив усуллар ҳамда дори воситаларини хавфсиз ва оқилона қўллашнинг аҳамияти ҳақида кенг тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Фармакологик назорат бўлими бошлиғи Сабоҳат Ҳайитова тарғибот ойлиги доирасида амалга оширилаётган ишлар, ижтимоий тармоқлардаги дори воситалари рекламасининг асл ҳолати ва уларнинг ортидаги хавф-хатарлар юзасидан батафсил маълумот берди:

– Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда оқ халат кийган инсонлар иштирокидаги рекламаларнинг кўпайиши шунчаки оддий маркетинг усули бўлмай, балки жиддий ижтимоий муаммодир. Негаки, оқ халат кўпчилик учун профессионал билим ва ишонч рамзи бўлгани боис, айрим реклама берувчилар одамларнинг шифокорларга бўлган табиий ишончидан тижорий мақсадларда фойдаланмоқда. Оқибатда рекламадаги шахснинг ҳақиқатан ҳам шифокор ёки мутахассис эканини текширмасдан, уларнинг тавсияларига кўр-кўрона амал қилаётган ҳамда шифокорга бориш ўрнига ўз-ўзини даволашга уринаётган фуқаролар сони ортиб бормоқда.
Шунингдек, биологик фаол қўшимчалар ва дори воситалари ўртасидаги фарққа тўхталиб ўтадиган бўлсак, алоҳида қайд этиш керакки, биологик фаол қўшимчалар дори воситаси ҳисобланмайди ва улар касалликни даволаш, унга ташхис қўйиш ёки олдини олишга мўлжалланмаган. Аммо рекламаларда уларнинг деярли барча дардга даво сифатида кўрсатилиши истеъмолчиларни чалғитмоқда. Бунинг оқибатида беморлар ҳақиқий даволаниш ўрнига биологик фаол қўшимчаларларни қабул қилиб, қимматли вақтни бой беришмоқда ва касалликни оғирлаштириб юборишмоқда.
Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, дори воситалари рекламасида таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорга ўхшаш шахсларнинг иштирок этишига асло йўл қўйилмайди. Шу билан бирга, олимлар ва тиббиёт ходимларининг тавсиялари, беморларнинг миннатдорчиликлари ёки "ичдим ва тузалдим" мазмунидаги шахсий тажрибаларни реклама воситаси сифатида қўллаш ҳам қатъиян тақиқланади. Чунки бундай усуллар илмий далилларга эмас, балки инсоннинг ҳиссиётига таъсир қилиш орқали маҳсулотни сотишга хизмат қилади.
Рекламаларда энг кўп учрайдиган манипуляциялар қаторига "100 фоиз кафолатланган натижа", "бир ҳафтада тузаласиз", "ҳеч қандай ножўя таъсири йўқ" каби ваъдалар, шунингдек, "олдин ва кейин" тасвирлари ёки қўрқинчли касаллик манзараларини кўрсатиш орқали харидорни руҳий жиҳатдан маҳсулотни сотиб олишга мажбурлаш киради.
Ваҳоланки, тиббиёт индивидуал ёндашувга асосланади – бир беморга фойда берган дори бошқасига умуман самара бермаслиги ёки жиддий ножўя таъсир кўрсатиши мумкин. Беморнинг ёши, ҳамроҳ касалликлари ва қабул қилаётган бошқа дорилари ҳисобга олинмай интернетдаги реклама асосида даволаниш аянчли оқибатларга олиб келади.
Яна бир эътибор қаратиш керак бўлган жиҳат: дори воситаларини харид қилишдан олдин маҳсулот давлат рўйхатидан ўтганми ёки йўқлигини албатта аниқлаш, дорининг яроқлилик муддати ва қадоқнинг бутунлигини текшириш ҳамда маҳсулотни фақат лицензияга эга бўлган дорихоналардан харид қилиш лозим.
Бугунги рақамли ахборот маконида илмий асосланган маълумот ва малакали шифокор тавсияси энг ишончли мезон бўлиб қолиши шарт. Зеро, ижтимоий тармоқлардаги рекламалар ҳеч қачон тиббий маслаҳат ўрнини боса олмайди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА