Дипломлар ўз эгаларига топширилди
Гулистон давлат университетида 2025/2026-ўқув йили битирувчиларига бағишланган «Битирувчи – 2026» тантанали маросими бўлиб ўтди. Унда бакалавриат ва магистратура босқичларини муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга дипломлар тантанали равишда топширилди.
Тадбирни университет ректори Муҳсин Ходжиев очиб, битирувчиларни олий таълимни муваффақиятли якунлагани билан қутлади ҳамда уларга келгуси меҳнат фаолиятида улкан ютуқлар тилади. Шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, университет профессорлари Ҳазратқул Қаршибоев ва Равшан Маҳмудов ёшларга самимий тилаклар билдириб, эгаллаган билим ва салоҳиятларини мамлакат тараққиёти йўлида сафарбар этишга чақирдилар.
Маросимнинг энг ҳаяжонли лаҳзасида бакалавриат ва магистратура босқичини муваффақиятли тугатган битирувчиларга дипломлар топширилди. Имтиёзли диплом соҳибларининг ота-оналари ҳам сўзга чиқиб, фарзандларининг камол топишида муносиб ҳисса қўшган устозларга миннатдорлик изҳор этдилар.
Лингвистика йўналиши бўйича магистратура босқичини тамомлаган Кумушой Қурбонова университетда олган билимлари келгуси фаолияти учун мустаҳкам асос бўлишини таъкидлади.
[gallery-30459]
— Магистратурада таҳсил олган йилларим мен учун нафақат чуқур назарий билим, балки мустақил фикрлаш, илмий изланиш ва касбий маҳоратини ошириш мактаби бўлди. Университетда эгаллаган билим ва кўникмаларимни амалиётда қўллаб, таълим ва илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилганман. Бугун қўлимга олган дипломим менга катта масъулият юклайди ва келгуси фаолиятим учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига ишонаман, — дейди лингвистика йўналиши бўйича магистратура босқичини тамомлаган Кумушой Қурбонова.
Тантана якунида битирувчилар устозлари билан эсдалик суратларига тушишиб, университет билан хайрлашдилар. Шу тариқа, Гулистон давлат университети яна бир билимли, ташаббускор ва юксак мақсадлар сари интиладиган ёшлар авлодини катта ҳаётга кузатди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА