Давлат хизматида самарали бошқарув йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) ҳамкорлигидаги "Самарали бошқарув" дастури доирасида инсон ресурсларини стратегик режалаштириш тизимини рақамлаштириш масалаларига бағишланган икки кунлик семинар-тренинг бошланди.
Тадбир давлат органларида инсон ресурсларини стратегик режалаштириш (Workforce Planning) жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилувчи ахборот тизими учун техник топшириқ лойиҳасини ишлаб чиқиш, унинг функционал имкониятлари ва амалий механизмларини белгилаш мақсадида ташкил этилди.

10–11 июнь кунлари давом этадиган семинар-тренингда Workforce Planning'нинг жараёнларини рақамлаштириш, ахборот тизими учун техник топшириқни ишлаб чиқиш ва hrm.gov.uz платформаси билан интеграция масалалари, кадрларга бўлган эҳтиёжни прогнозлаш, маълумотларни таҳлил қилиш ва автоматик ҳисоботларни шакллантириш ҳамда ахборот хавфсизлиги ҳамда тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича амалий муҳокамалар олиб борилади.

Лойиҳа доирасида аввалги босқичларда 20 та вазирлик ва идорада Workforce Planning тизимини жорий этишга оид ички ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, мутахассислар учун семинар-тренинглар ташкил этилди. Эндиликда асосий эътибор ушбу жараёнларни тўлиқ рақамлаштиришга қаратилмоқда.

Семинар якунида инсон ресурсларини режалаштиришни рақамлаштириш бўйича такомиллаштирилган техник топшириқ ишлаб чиқилиши, ягона техник ёндашув юзасидан келишувга эришилиши ҳамда амалиётга йўналтирилган ҳужжат шакллантирилиши режалаштирилган.
Мазкур ташаббус давлат хизматида инсон капиталини бошқаришнинг замонавий тизимини шакллантириш, маълумотларга асосланган бошқарув қарорларини қабул қилишни такомиллаштириш ва бошқарувнинг рақамли трансформациясини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА