Сенатор Миробод туманида таълим муассасалари фаолияти ва ёшлар масалаларини ўрганди
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Гулнора Маруфова Миробод туманида талаба-ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди ҳамда бир қатор ижтимоий муассасалар фаолиятини ўрганди.
Тошкент темирйўлчилар техникумида ташкил этилган очиқ мулоқотда халқ депутатлари Миробод тумани кенгаши депутатлари ва кенгаш котибияти масъул ходимлари иштирок этди.
Мулоқот давомида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва белгиланган устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Хусусан, ёшларни хорижий тиллар ва замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларнинг стартап ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, талаба-ёшлар томонидан оммавий спортни ривожлантириш, маданий-маърифий тадбирларни кенгайтириш, техникум ётоқхонасини таъмирлаш ҳамда бўш вақтни мазмунли ташкил этишга оид таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Ташриф доирасида сенатор Миробод туманидаги “Илк ривожланиш маркази” фаолияти билан ҳам танишди. Марказда мактабгача ёшдаги болалар учун яратилган шарт-шароитлар, таълим-тарбия жараёни ва моддий-техник база кўздан кечирилди.

Ўрганиш давомида марказ раҳбарияти томонидан тиббиёт хонасини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда болалар майдончасини кенгайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Мазкур масалаларни белгиланган тартибда ўрганиб чиқиш ва тегишли тартибда кўриб чиқиш бўйича масъулларга тавсиялар берилди.
Сенатор Миробод туманидаги 154-умумтаълим мактабида ташкил этилган робототехника синфи фаолияти билан танишди. Машғулотлар жараёни, ўқувчилар учун яратилган имкониятлар ҳамда таълим дастурларининг мазмуни ўрганилди.
Мулоқотлар давомида робототехника таълимини янада кенгайтириш, юқори ёш тоифасидаги ўқувчиларни қамраб олиш, қўшимча ўқув хоналари ташкил этиш ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Билдирилган таклиф ва мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш, уларнинг ижросини таъминлаш ҳамда ёшлар ва таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чоралар кўриш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА