Сарвиноз Омонтошева Қирғизистонда “Дебютлар ҳамдўстлиги” халқаро мукофоти билан тақдирланди
Айни кунларда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти раҳбарияти Қирғиз Республикаси Бишкек шаҳрида ўтказилаётган МДҲ давлатларининг Ижодкорлар ва илмий зиёлилар форумида иштирок этмоқда.
МДҲ давлатлари ўртасида илм-фан, маданият, санъат, таълим ва ижодий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, зиёлилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда халқаро маданий мулоқотни ривожлантириш мақсадида ташкил этилган форум доирасида “Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 35 йиллиги” мавзусидаги ялпи мажлис ва кўргазма, “Ҳамдўстлик маданий пойтахтлари” давлатлараро дастурининг тақдимоти, шунингдек, “Ҳамдўстлик юлдузлари” давлатлараро мукофоти ҳамда “Дебютлар ҳамдўстлиги” халқаро мукофотининг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.



Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Санъатшунослик ва амалий санъат факультети "Музей менежменти ва маданий туризм" йўналиши 4-босқич талабаси Сарвиноз Омонтошеванинг илм ва ижод йўлидаги сермаҳсул фаолияти юқори баҳоланиб, у “Дебютлар ҳамдўстлиги” халқаро мукофоти билан тақдирланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА