Даромадли оила фаровон яшайди
Жорий йил бошида Фарғона вилоятидаги 317,2 минг нафар аҳолининг даромади паст бўлиб, камбағаллик даражаси 7,6 фоизни ташкил этган. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 33 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш белгиланган бўлиб, бу борада амалий ишларга киришилди.
Олтиариқ туманидаги “Обод” маҳалла фуқаролар йиғини, ишсизлик, камбағалликдан ҳоли ҳудудга айланди. Бу бежиз эмас.
Туман марказидан бирмунча олисда жойлашган чекка маҳалланинг бу қадар тараққий этиб ривожланишида, “маҳалла еттилиги” ва ҳамқишлоқларнинг ҳамжиҳатлиги муҳим. Кейинги йилларда бу ерда томорқадан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик тармоқлари фаолиятини кенгайтириш, қўллаб-қувватлашга бўлган эътибор ошди.
Ўтган йилнинг ўзида 25 нафар ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила камбағалликдан чиқарилди. Тадбиркорлик, томорқачилик, чорвачилик, савдо ва хизмат кўрсатиш тармоқларини қамраб олган микролойиҳа, тадбиркорлик субъектлари фаолиятлари учун умумий қиймати 3 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари берилди. Уларни доимий даромадли қилиш ва камбағалликдан чиқариш мақсадида салоҳиятли тадбиркорларга бириктириш, касб-ҳунарга ўқитиш, экин ерлари ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Томорқа ва экин майдонларидан бир эмас, 2-3 марта ҳосил олиш, буғдойдан бўшаган майдонларда такрорий экин турлари етиштириш, сақлаш ва сотиш борасида тажрибалар оммалашди. Миграциядан қайтган, ижтимоий ҳимоя дафтарларига киритилган 12 нафар ишсиз ёшлар, хотин-қизларга 9 гектар экин майдонлари ажратиб берилди.
Уч нафар фарзанднинг отаси Ҳошимжон Жўраев ишсизлиги боис бир неча йилдирки меҳнат мигранти бўлиб ишлаб келади. Аммо “Қўл билан берганга қуш тўймас” деганларидек ҳаракат қилса-да, топгани рўзғор кам-кўстидан ортгани йўқ. Бир томондан фарзандлари улғайиб келяпти, чала қолган уйнинг томини ёпиш муаммоси турибди.
Томорқаси бор, лекин ундан унумли фойдаланишга имкон топа олмайди. Ҳудудда узумчилик ривожланган, аммо бу неъматни парваришлаб, даромад олиш учун меҳнат, вақт, сабр-тоқат керак. Ана шундай ўй-хаёллар гирдобида яна хорижга бориб ишлашга тараддуд кўриб турган дамларда “маҳалла еттилиги”, фаоллар хонадонга келди.
Маҳалладагилар Ҳошимжоннинг деҳқончиликдан хабардорлигини яхши билади. Шу боис унга томорқада иссиқхона хўжалиги фаолиятини йўлга қўйиш ва бунинг учун 33 миллион сўм имтиёзли маблағ бериш имконияти борлигини баён қилди.
– Аввалига бироз иккиландим, бироқ кўз қўрқоқ, қўл ботир деганлари рост экан, – дейди Ҳошимжон иссиқхонада ҳосилга кирган қулупнайларни қўлга олиб. – Қиш мавсумида баҳор неъматларини етиштириш бизнинг томорқачилигимизга хос эмас. Лекин интилган, изланган имкон топар экан. 2,5 сотих ерда иссиқхона қуриб битказилгач унга нима экиш керак, деган ўй тинчлик бермай қўйди. Олтиариқ томорқачилигига мос бўлган, помидор, бодринг эксам ҳам бўларди. Бироқ, бозорда талаб юқори бўлган сабзавот экини етиштиришни мақсад қилдим. Ижтимоий тармоқлар орқали қишда қулупнай етиштириш борасидаги иш тажрибалар билан танишдим. Андижон вилояти, Асака туманида бу йўналишда иш олиб бораётган миришкорлар билан боғланиб, ўзаро тажриба алмашдим, икки минг тупдан ортиқ кўчат олиб келиб парваришга қўйдим. Экинларимиз ҳосилга кирганига 45 кундан ошди. Бу йўналишда иш бошлаб адашмаган эканман. Маҳсулотларимиз харидоргир, бир килосини 150-200 минг сўмдан сотяпмиз. Пишиқчилик мавсуми яна олти ой давом этади. Хорижда ишлаб ҳам бу қадар кўп даромад топганим йўқ. Кунлар илий бошлаши билан чала қолган қурилишларни битказиб, фарзандларим таълим-тарбияси, яшаш тарзи учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришни кўзлаб турибман. Шунингдек, иссиқхона ҳажмини яна икки ҳиссага кенгайтиришни режалаштирганман.
– Қиш мавсумида иссиқхона шароитида қулупнай етиштириш борасидаги иш тажрибаларини бошқа томорқа хўжаликларида ҳам оммалаштиришга алоҳида эътибор беряпмиз, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Қиличбек Абдужабборов. – Шу мақсадда қулупнай парваришлаш, кўчат етиштириб, даромад олиш имкониятлари хусусида тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бундан ташқари, “Камбағалликдан фаровонлик сари” тамойили доирасида 40 та микролойиҳа ва “Бизнесга биринчи қадам” дастурлари асосида 5 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш орқали 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратиш ва 17 та кам таъминланган оилаларни камбағалликдан чиқаришга қаратилган ”йўл харита”лари ишлаб чиқилди.
Ўтган йилнинг ўзида саноат, томорқачилик, асаларичилик, боғдорчилик, кўчат етиштириш, мева сақлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ 18 та тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Ёш тадбиркор Ҳожиакбар Ғаниев ташаббуси билан “Ҳожиакбар Асл Текст” масъулияти чекланган жамиятида пайпоқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу мақсадлар учун 200 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди, ўндан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Россиялик сармоядорлар билан ҳамкорликда 300 минг доллар инвестиция ҳисобига “Тинчлик мева экспорт” корхонаси иш бошлади. Янги корхона аҳоли ва фермер хўжаликларида етиштирилган сархил маҳсулотларни йиғиш, сақлаш, қадоқлаш ва эскпортга йўналтириш билан шуғулланиб келмоқда. Йил сарҳисобларига кўра, 8 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавотлар хорижий давлатларга экспорт қилинди. Бундан ташқари, пластик ва ёғоч қутилар ишлаб чиқариш, тиркамали юк машиналари ҳамда автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси ташкил қилинди.
Шу кунга қадар ишсизлиги сабаб ижтимоий дафтарларга киритилган 124 нафар ёшлар, хотин-қизлар ҳудудга яқин жойлашган “Hamza Expo Art Textile”, “Ҳожиакбар Асл Текст”, ”Қадамча Плюс” масъулияти чекланган жамияти ва “Моҳларой Лазизбек Файз” хусусий корхонасига ишга жойлаштирилди, 165 нафар фуқаролар турли соҳаларда ўзини ўзи банд қилди, 3 нафари камбағал оила аъзолари субсидияси асосида тикув машиналар билан таъминланди. ”Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 3,5 гектар маҳалла боғи ташкил этилди.
Албатта, бу саъй-ҳаракатлар замирида аҳолини даромадли қилиш ва камбағалликдан чиқаришдек эзгу мақсад мужассам.
М.Сулаймонов, ЎзА