Хотирага эҳтиром — тинчликка садоқат
Бухорода 9 май — Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан кенг қамровли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Бу сана нафақат уруш қурбонлари ва фахрийларини ёд этиш, балки тинчлик, осойишталик ва инсон қадрини улуғлаш куни сифатида ҳам халқимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутади.
Эрта тонгдан Бухоро шаҳридаги Хотира майдонида жамоатчилик вакиллари, давлат ташкилотлари раҳбарлари, меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар ва ёшлар иштирокида хотира тадбири ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Заропиов бошчилигида вилоят ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тиббиёт, таълим ва бошқа соҳалар вакиллари қатнашди.
Майдонга йиғилганлар Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, Ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва келажак авлод бахти учун жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасига юксак эҳтиром кўрсатди. Сукунат сақланиб, уруш йилларида ҳалок бўлган аждодлар руҳи ёд этилди.
Тадбир давомида тинчлик ва осойишталикнинг қадри, мустақилликнинг беқиёс неъмати ҳақида фикрлар билдирилди.
Бугун юртимизда ҳукм сураётган осойишталик ва фаровонлик ортида уруш қатнашчилари ва меҳнат фронти фидойиларининг машаққатли меҳнати, жасорати ва сабр-матонати мужассам. Шу боис Хотира ва қадрлаш куни халқимизни бирлаштирадиган, инсон қадрини улуғлайдиган, эзгулик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб этадиган муқаддас сана сифатида кенг нишонланмоқда.
Айни кунларда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, маҳалла ва қишлоқларида, корхона ва ташкилотларда хотира тадбирлари, учрашувлар, маънавий-маърифий кечалар ва хайрия акциялари ташкил этилмоқда. Уруш ва меҳнат фахрийлари ҳолидан хабар олиниб, уларга эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда.
[gallery-29324]
Хотира ва қадрлаш куни бу ўтмишни унутмаслик, аждодлар жасоратини қадрлаш ва тинчликнинг беқиёс неъмат эканини англаш кунидир. Уруш ва меҳнат фахрийларининг ибратли ҳаёт йўли, Ватанга садоқати ҳамиша ёшлар учун юксак намуна бўлиб қолади. Зеро, миллат хотираси барҳаёт экан, унинг келажаги ҳам мустаҳкам бўлади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА