Даромадга йўл очаётган имкониятлар
Камбағалликни қисқартириш — бу фақат статистик кўрсаткичларни яхшилаш ёки муайян оилаларга бир марталик ёрдам кўрсатиш эмас. Бу, аввало, инсонни ўз меҳнати, қобилияти ва имкониятларига таянган ҳолда барқарор даромад топишини таъминлаш, оилада тадбиркорлик руҳини шакллантириш, ҳар бир хонадонда янги даромад манбаини яратиш демакдир.
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири ҳам айнан шу мақсадга қаратилган. Давлат раҳбари ташаббуси билан камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилаларнинг даромадини ошириш масалаларига янгича ёндашув жорий этилмоқда. Эътибор энди фақат ёрдам беришга эмас, балки инсонга даромад топиши, ўзини ўзи банд қилиши, тадбиркорлик бошлаши ва оила фаровонлигини мустақил равишда таъминлаши учун шароит яратишга қаратилмоқда. Бу эзгу мақсадларнинг амалий ифодасини Бухоро вилоятининг Вобкент туманида ҳам кўриш мумкин.
Туманда камбағалликни қисқартириш, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг даромадини ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган амалий учрашувлар ташкил этилди. Уларда АТ “Халқ банки” бошқаруви ва ҳудудий тузилмалари масъуллари иштирок этишиб, хонадонларнинг мавжуд имкониятларини ўрганиш, муаммоларни жойида аниқлаш ва уларни ҳал этишнинг аниқ механизмларини белгилашга эътибор қаратишди.
Вобкент тумани ҳокими Акмал Остонов бошчилигидаги учрашувларнинг энг муҳим жиҳати — одамлар билан қоғозда эмас, ҳаётнинг ўзида, бевосита хонадонлар ва маҳаллаларда мулоқот қилинганидир.
Учрашувда АТ “Халқ банки” бошқарув раиси ўринбосари Гулзода Рашидова, Республика Халқ банки департаменти директори Дилшод Эргашев ҳамда АТ “Халқ банки” Бухоро вилояти минтақавий маркази раҳбари ўринбосари Наргиза Латиповалар иштирок этишди.

Поноб маҳалласида кам даромадли ҳамда Ижтимоий реестрга киритилган оилалар вакиллари билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг орзу-интилишлари, касб-кўникмалари, мавжуд имкониятлари, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш бўйича таклифлари атрофлича ўрганилди. Зеро, ҳар бир оиланинг эҳтиёжи ва имконияти бир хил эмас. Кимдир чорвачиликни йўлга қўйишни истайди, яна кимдир ҳунармандчилик, тикувчилик, хизмат кўрсатиш ёки бошқа даромадли фаолият билан шуғулланиш имкониятига эга. Муҳими, инсоннинг нияти ва салоҳиятини тўғри йўналтириш, унга зарур молиявий кўмак ва амалий маслаҳат беришдир.
Учрашувлар давомида фуқароларга ўз хоҳиш ва имкониятларидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли кредит ва ссуда маблағларидан фойдаланиб, даромадли фаолиятни бошлаш имкониятлари тушунтирилди. Ҳар бир оила учун мавжуд шароитдан келиб чиқиб, аниқ ва амалий ечимларни белгилашга алоҳида эътибор қаратилди. Бу ёндашувнинг моҳияти оддий, аммо жуда муҳим: инсонга тайёр ёрдам бериш билан чекланиб қолмасдан, унинг қўлига даромад топиш имконияти берилади.
Халқ банки масъулларидан иборат ишчи гуруҳнинг Кўлхатиб маҳалласидаги ўрганишлари ҳам шу мақсадга хизмат қилди. Ишчи гуруҳ вакиллари хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг ички имкониятларини ўрганишди. Фуқаролар билан суҳбатлар жараёнида уларни қийнаётган масалалар, ишлаш ва даромад топиш истаги, мавжуд ресурслар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш имкониятларига эътибор қаратишди.
Энг муҳими, аҳолига қуруқ ваъдалар эмас, амалий ечимлар таклиф этилди. Тайёр лойиҳалар тақдим қилиниб, уларни амалга ошириш учун мавжуд молиявий имкониятлар тушунтирилди. Бундай ёндашув маҳалладаги ҳар бир оиланинг “нима қилишим мумкин?” деган саволига аниқ жавоб топишга ёрдам беради. Чунки даромад манбасини яратиш учун баъзан катта имконият эмас, тўғри йўналиш, ишонч ва дастлабки кўмакнинг ўзи кифоя.
Бугун камбағалликни қисқартириш сиёсатида “ҳар бир оила — алоҳида ёндашув” тамойили тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу жараёнда банклар фақат молиявий маблағ ажратувчи муассаса эмас, балки аҳолининг тадбиркорлик ташаббусини қўллаб-қувватловчи, янги лойиҳаларни шакллантиришга кўмаклашувчи ва инсонни даромад манбасига олиб борувчи муҳим ҳамкорга айланмоқда.
Зеро, бир оиланинг даромади ошса, бу фақат битта хонадон фаровонлиги эмас. Унинг ортидан фарзандларнинг таълими, оиладаги ижтимоий муҳит, истеъмол имкониятлари ва келажакка бўлган ишонч ҳам ўзгаради. Бир хонадонда бошланган кичик ташаббус эса вақт ўтиши билан маҳалланинг иқтисодий фаоллигига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу маънода Вобкентдаги сайёр учрашувлар оддий мулоқот бўлмади.. Бу — одамларнинг дардини эшитиш, имкониятини кўриш ва уни аниқ лойиҳага айлантиришга қаратилган амалий ҳаракатдир. Энг муҳими, бу жараёнда инсон ўзини эътибор марказида ҳис қилади. Унинг фикри эшитилади, қобилияти баҳоланади, нияти қўллаб-қувватланади. Аслида, камбағалликни қисқартиришнинг энг мустаҳкам пойдевори ҳам шу — инсоннинг ўз кучига ишонишидир.
Қўлида касби, меҳнати ва даромад манбаи бор инсон эртанги кунига ишонч билан қарайди. У фарзандларининг келажагини режалаштиради, ўз олдига янги мақсадлар қўяди, янада кўпроқ ишлашга интилади. Шу боис ҳар бир оилани даромадли меҳнатга жалб этиш, тадбиркорликка йўналтириш ва молиявий имкониятлар билан таъминлаш — узоқ муддатли ижтимоий барқарорликнинг муҳим омилидир. Вобкентдаги бугунги ишлар ҳам ана шу эзгу мақсаднинг ҳаётий ифодасидир. Бир маҳаллада ўтказилган учрашув, бир хонадонда билдирилган ташаббус, бир оила учун ишлаб чиқилган лойиҳа — эртанги фаровон ҳаётнинг дастлабки қадами бўлиши мумкин. Зеро, фаровонлик тайёр ҳолда келмайди. У инсон меҳнати, ташаббуси, имконият ва ишонч уйғунлашган жойда яратилади.
Давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган инсон қадри, аҳоли фаровонлиги ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган сиёсатнинг асл моҳияти ҳам шунда — ҳар бир оилани қўллаб-қувватлаш, ҳар бир инсоннинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва уни муносиб даромад манбаига эга қилиш.
Бугун Вобкентда хонадонма-хонадон бошланган бу ҳаракатлар эртага янада кўп оилаларнинг ҳаётида янги саҳифа очиши шубҳасиз. Чунки бир оилада пайдо бўлган даромад — бир оиланинг эмас, бутун жамиятнинг фаровонлиги сари қўйилган қадамдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири